Самарқандда 1112 та сайлов участкаси тузилди
Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг бугун ўтказилган навбатдаги мажлисида округ ҳудудида сайлов участкалари тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сайлов кодексининг 10-моддасига кўра, сайлов участкалари сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилади.
Шунингдек, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам сайлов участкалари тузилади.
– Мажлисимизда сайлов участкаларининг тартиб рақамлари белгиланган ҳолда округ бўйича 1112 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилдик, – дейди 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Д.Якубжанова. – Жумладан, энг кўп сайлов участкалари Самарқанд шаҳри (176 та) ва Ургут туманида (126 та), энг ками Каттақўрғон шаҳри (33 та) ва Пахтачи туманида (43 та) тузилди.
Сайлов участкаларининг 894 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 58 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 37 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 53 таси тиббиёт, санаторий ва дам олиш муассасаларида, 16 таси олий ўқув юртлари биноларида, 12 таси ҳарбий қисм ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида фаолият олиб боради.
Участкалар рўйхати туман, шаҳар газеталари ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланди.
Мажлисдан сўнг ўтказилган брифингда комиссиянинг фаолияти ҳақида маълумот берилди.