Самарқандда 1500 дан ортиқ вояга етмаган болаларнинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқлари таъминланди
Бош прокуратура ташаббуси билан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан тегишли идора ва муассасалар билан ҳамкорликда санитария-эпидемиология қоидаларига амал қилган ҳолда жисмоний ёки психологик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар тарбияланаётган оилаларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 1 668 нафар болаларнинг хонадонларига ишчи гуруҳлар томонидан бирма бир кирилиб, уларнинг яшаш шароитлари, мавжуд муаммолари ва эҳтиёжлари ўрганилди, барчаси тиббий кўрикдан ўтказилди.
Иккинчи босқичида, аниқланган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилиб, ҳомийлар ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан уларнинг 850 нафарига дори-дармон воситалари ва ногиронлик мосламалари, ўқув қуроллари ва бошқа зарур жиҳозлар топширилди.
Шу билан бирга, даволанишга муҳтож 138 нафар болаларнинг 27 нафари вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, 10 нафари “BIONUR” хусусий клиникасида, 43 нафари вилоят реабилитация марказида, 20 нафари туман тиббиёт бирлашмаларида даволаниши, 17 нафари вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланиб, 21 нафар болалар билан амбулатор тарзда даволаш ишлари олиб борилди.