Самарқандда 1787 нафар шахс транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани учун жавобгарликка тортилди
Бу ҳақда Самарқанд вилояти судлари томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Самарқанд вилояти маъмурий судининг раиси Б.Диёровнинг маълум қилишича, ўтган олти ой давомида 575 та маъмурий иш кўриб тамомланган.
Шу даврда 19 372 нафар шахсга нисбатан 15 698 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўрилиб, 11 346 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган. Хусусан, транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани учун 1787, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказишига олиб келгани учун 647 шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғуллангани учун 1721 шахсга маъмурий жазо чоралари белгиланган.
Эътиборлиси, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва қўлланилган чораларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида кўриб тамомланган ишларнинг қарийб 50 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.
Ушбу маъмурий ишлар бўйича 12 436 784 858 сўм жарима жазоси тайинланган, шундан 8 837 027 827 сўм ихтиёрий равишда тўланган.