Самарқандда 182 та кўп қаватли уй қуриляпти

Инсон ўзига ва оила аъзоларига қулай шароит яратиш, яхши яшаш мақсадида қурилиш қилади. Ёки фаровон турмуш кечириши учун барча имкониятларга эга уй-жой харид қилади. Бунга ҳам қачонки, молиявий қуввати, иқтисодий имконияти етсагина эришади.

Давлат ҳам шундай – халқ учун муносиб турмуш шароит яратиб беришни ўз зиммасига олади, лекин бунинг учун мамлакат иқтисодиёти барқарор, молиявий ресурси бой бўлиши лозим.

Бугун юрт кезиб, маҳаллаларда бўлсангиз ҳар бир кўчада қурилиш қилаётган хонадонларга дуч келасиз, янги иншоотлар қурилаётганини кўрасиз. Наинки шаҳарлар, балки туманларда ҳам кўп қаватли турар жой бинолари бунёд этилаётганига, янги йўл ва кўприклар қурилаётгани, сув ва электр тармоқлари тортилаётганига гувоҳ бўласиз. Бу албатта, халқнинг фаровон турмуш кечириш истаги билан бирга иқтисодий имконияти кенгаяётгани, ўз навбатида давлатнинг янги қурилишларни амалга оширишга салоҳияти етаётганидан далолат беради.

Айни чоғда вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида ҳам улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида янги шаҳарча пайдо бўлгани, эшкак эшиш канали атрофида улкан халқаро туристик марказ қурилгани, йўллар, коммуникация тармоқлари тартибга келиб қолгани, Ургут ва Булунғур туманларида «Янги Ўзбекистон» массивлари бунёд этилиб, номига мос тарзда янгича турмуш бўй кўрсатганига кўп бўлмади, кейинги 6-7 йил ичида амалга оширилди бу ишлар. Бундай ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари Булунғурдан Пахтачигача, Ургутдан Қўшработгача – вилоятнинг барча ҳудудларида олиб борилаётгани ҳам ҳақиқат.

– Ўтган йил вилоятимизда Инвестиция дастури доирасида 1 триллион 190 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 194 та объектда қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, бу йил 1,5 триллион сўм маблағ сарфланиб 244 та объект бунёд этилмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Шукуров. – Жумладан, 32,2 минг ўқувчи ўринли 106 та умумтаълим мактаби, 27 та мактабгача таълим, 4 та олий таълим, 10 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Йил бошидан буён 371 миллиард сўм маблағ эвазига 663 километр йўл реконструкция қилинди ва таъмирланди. Йил якунига қадар яна 508 километр ички кўчаларга асфальт ётқизилиши, 1000 километрдан зиёд кўчаларга шағал қопламаси тўшалиши, 5 та янги кўприк қурилиб, 18 таси таъмирланиши кўзда тутилган. Халқаро молия муассасалари маблағлари ҳисобидан Самарқанд шаҳрида битта йўл ўтказгич қурилиб, иккинчисида ишлар давом этмоқда. Амир Темур, Гагарин номли кўчалар реконструкция қилинди. 

Вилоят аҳолисининг ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш мақсадида йилнинг биринчи ярмида 35,8 километр сув тармоқлари қурилди, 35 дона насос энергия тежамкорларига алмаштирилди. 

Мисол учун, Каттақўрғон туманида 20 километр сув тармоғи тортилиб, 4 дона янги сув насоси ўрнатилиши ва 8 та сув насоси таъмирланиши ҳисобига тумандаги уч маҳаллада 1,5 мингдан зиёд аҳоли илк бор ичимлик сув билан таъминланди, 2 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

Давлат дастурлари ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан йил якунига қадар вилоятда 8 та янги сув иншооти ва 193 километр сув тармоқларини қуриш, 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу ишлар натижасида 150 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланади, 81,9 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланиб, марказлашган сув таъминоти 74,5 фоиздан 78,6 фоизга етказилади.

Бу ҳақда гап борганда, йирик лойиҳалардан бири сифатида Нуробод туманидаги «Нуробод-Дамхўжа» сув сақлаш иншоотини реконструкция қилиш ва 95,8 километр ичимлик сув тармоқлари тортилаётганини қайд этиш лозим. Бу ишлар муваффақиятли амалга оширилгач, вилоятнинг сув таъминоти энг муаммоли бўлган ҳудуди ҳисобланган Нуробод тумани маркази, туманнинг Нурбулоқ, Пўлатчи, Шўрчи, Юксалиш, Омонбой, Кечкелдик, Нурдум, Шарқ юлдузи, Ачамайли, Янгиқишлоқ, Машъал, Маданият, Шўробод ва Қиличли маҳаллаларидаги 18,5 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади.


Каттақўрғон тумани марказида 32,7 километр оқова сув тармоғи ва 2 та насосни қуриш ҳисобига тумандаги 7500 аҳоли илк бор оқова хизмати билан таъминланади.

– Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 6 ой давомида 160 километр электр тармоқлари қурилиб, 86 дона трансформатор, 5165 дона темир-бетон устун ўрнатилди, – дея сўзида давом этади А.Шукуров. – Биргина Иштихон туманида 18 километр электр узатиш тармоғи тортилиб, 8 та трансформатор пункти ва 1177 дона темир-бетон устун қўйилди ва 16 мингдан зиёд аҳолининг электр таъминоти яхшиланди. Бундай мисолларни барча туман, шаҳарлар бўйича келтириш мумкин. Ваҳоланки, яқин йилларда битта трансформаторни янгисига алмаштириш ёки эски симёғочлар ўрнига ўнтагина янги темир-бетон таянч ўрнатиш ҳам муаммо эди. Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, йил якунига қадар 200 километр электр тармоқлари янгидан қурилади, 60 дона трансформатор пункти ва 5 мингдан зиёд темир-бетон устунлар ўрнатилади. Ҳудудларда 8 та янги подстанция қурилиб, 288 МВт янги қувватлар яратилади.

Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида ўтган йил вилоятимизда 10 мингдан зиёд хонадонли уйлар фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда 11 минг 300 хонадонли 182 та кўп қаватли уйларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Булунғур ва Ургут туманларидаги «Янги Ўзбекистон» массивлари қаторига бу йил Самарқанд шаҳридаги Қорасув ва Тойлоқ туманидаги Чароғбон маҳаллалари ҳам қўшилди. Ушбу ҳудудларда ҳам ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган «Янги Ўзбекистон» массивлари барпо этилади.

Янги уй-жойлар қурилиши билан бирга мавжуд кўп квартирали уйларни таъмирлаш, ушбу хонадонларда ҳам аҳоли учун замонавий турмуш шароитлари яратиш эътибор четда қолган эмас. Жорий йилда вилоят бўйича 183 та кўп квартирали уй мукаммал ва жорий таъмирланмоқда. Жумладан, 93 та уйнинг том қисмида ва 94 та уйнинг фасад қисмида таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.