Самарқандда 4 нафар бемор тождор вирусдан халос бўлди

Сўнгги маълумотларга кўра, бугун яна 20 нафар бемор шифо топиб, бугуннинг ўзида 160 нафар бемор соғайди ҳамда кунлик соғайиш кўрсаткичлари бўйича рекорд натижа қайд этилди. Бу, шубҳасиз, дунёда коронавирус пандемияси авж олиб турган бир пайтда, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни муваффақиятли даволаш борасида олиб борилган изчил чора-тадбирларнинг улкан самарасидир.

Энг муҳими, тажрибали ва фидойи шифокорларимиз матонат билан коронавирусга қарши курашмоқдалар ва бунинг натижаси – шифо топаётган фуқароларимизнинг кўлами, ўлим кўрсаткичнинг эса ўта пастлигида намоён бўлмоқда.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, айни соатларда Навоий вилоятида 14 нафар, Самарқанд вилоятида 4 нафар ҳамда Андижон вилоятида 2 нафар, жами 20 нафар бемор соғайди ва реабилитацияга кузатилди.

Навоийда тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (12 нафари Зарафшон шаҳридан, Хатирчи ва Нурота туманларидан 1 нафардан). Улардан 10 нафари эркак, 4 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 52 ёшда, ёши кичиги 2 ёшда. Ушбу вилоятда эндиликда соғайганлар сони 110 нафарга етди.

Самарқандда тузалганларнинг ҳам барчаси ушбу вилоятдан (Жомбой, Ургут, Нарпай ва Пастдарғом туманларидан 1 нафардан). Уларнинг 3 нафари эркак, 1 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 40 ёшда, ёши кичиги 24 ёшда. Ушбу вилоятда эндиликда соғайганлар 318 нафарга етди.

Андижон вилоятида тузалганларнинг 2 нафари ҳам эркак бўлиб (50 ёшли ва 32 ёшли) ушбу вилоятдан (Избоскан ва Балиқчи туманларидан 1 нафардан). Ушбу вилоятда эндиликда соғайганлар сони 177 нафарга етиб, 1 нафар бемор даволанмоқда ва коронавирусдан холи ҳудуд бўлишга жуда яқин турибди.

Шундай қилиб, бугун кун давомида 160 нафар бемор тузалиб, аввалги кунларга нисбатан рекорд марра забт этилди. Эндиликда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами соғайганлар 3247 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.