Самарқандда 4 та туманлараро конвой гуруҳлари ташкил этилди, Каттақўрғон шаҳрида патруль-пост хизмати бўлинмаси фаолияти йўлга қўйилди

Президентимизнинг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мажлисларида ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг ўринбосарлари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари томонидан ҳар чоракда жамоат хавфсизлиги юзасидан ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланган эди.

Мазкур тартиб асосида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмиш биринчи сессиясида вилоят ички ишлар органлари томонидан жорий йилнинг II чораги давомида вилоят ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари - жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаров ҳисобот берди.

– Президентимиз фармони асосида Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Жамоат хавфсизлиги департаменти ташкил этилиб, ҳудудий бўлинмалари таркибига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари киритилди, – дейди Х.Умаров. – Ҳужжатда белгиланганидек, вилоятимизда маҳаллий бюджет ҳисобидан Каттақўрғон шаҳрида ушбу шаҳар ҳамда Пахтачи, Каттақўрғон ва Нарпай туманларига хизмат кўрсатувчи патруль-пост хизмати бўлинмаси учун 25 та штат бирлиги жорий этилиб, ходимларга хизматдан фойдаланиш мақсадида 12 та “NEXIA-3” автотранспорт воситаси ажратилди. Вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ҳузурида 11 та штат бирлигидан иборат отлиқ бўлинма ташкил этилади. Шу пайтгача мавжуд бўлган 16 та вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг 6 таси қисқартирилиб, ҳудудларда 4 та туманлараро конвой гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.

Вилоят ҳудудида талаба ёшлар ўртасида содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ҳудудидаги 8 та олий таълим муассасасида шартнома асосида профилактика инспектори штат бирликлари жорий этилиб, хизматга жалб этилди. Инспекторларнинг 2 нафари хотин-қизлардир.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шаҳар ва туманлар ҳокимларининг қарорларига асосан вилоят ҳудудида 40 та, жумладан, Самарқанд шаҳрида 14 та, Булунғур ва Пахтачи туманларида 6 тадан, Жомбойда 4 та, Каттақўрғон шаҳрида 2 та ҳамда Иштихон, Оқдарё, Пайариқ, Паст Дарғом, Самарқанд, Ургут, Тойлоқ ва Каттақўрғон туманларида 1 тадан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилди.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоятдаги жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида Жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “ЙЎЛ ХАРИТА”си ижроси юзасидан профилактик тадбирлар ўтказилиб, ижобий натижаларга эришилди. Бироқ, яратилаётган имконият ва қулайликларга қарамасдан, ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар лозим даражада ташкил этилмаганлиги натижасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Оқибатда вилоят ҳудудида умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 фоизга (2853-3217) кўпайган.

Жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда нотинч оилалар билан ишлаш, оилаларда мавжуд низоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш борасидаги ишлар тизимли ва манзилли равишда олиб борилмаганлиги оқибатида йилнинг 6 ойи давомида вилоят ҳудудида содир этилган жиноятларнинг 26 тасини оила-турмуш муносабатлари доирасидаги шахснинг ҳаёти ва соғлиғига қарши қаратилган жиноятлар ташкил этди.

Ачинарлиси, умумий жиноятларнинг 7,1 фоизи хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келиб, улар томонидан содир этилган жиноятлар 81 тага (149-230) кўпайган. Муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳам 23 тага ошган.