Самарқандда 400 минг киши сентябрдан оширилган пенсия ва нафақа олади
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 июлда қабул қилган “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилди.
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 262 470 сўм;
ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 513 350 сўм;
болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа — ойига 513 350 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 315 030 сўм миқдорида белгиланди.
Ушбу фармон ижросини таъминлашда пенсия жамғармаси туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан қайта ҳисоб-китоб ишлари бўйича дастлабки ишлар бошланган. Бунинг учун пенсионерларимиз пенсия жамғармасига келишлари ёки қўшимча бирор бир ҳужжат тақдим этишлари шарт эмас.
Яна бир маълумот, карантин вақтида ногиронлик пенсияси олиб турган ногирон фуқароларнинг ногиронлик пенсия тўлови муддатлари август ойида тугаганлар қайта кўрикдан ўтиш учун ТМЭК кўригига боришлари шарт эмас. Уларнинг пенсия тўловлари муддати август ойида бир ойга узайтириб қўйилди.
Самарқанд вилоятида 400 минг 248 нафар пенсия ва нафақа олувчи мавжуд. Уларга ўрта ҳисобда ҳар ойда 294 миллиард сўм харажат қилинади. Жорий йилнинг сентябрь ойида бу фуқароларимизга оширилган миқдордаги пенсия ва нафақалар тўлаб берилиши таъминланади.
З.Жўраев,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси
Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи.