Самарқандда 5 ойда 1214 та қайд этилган ажримнинг асосий сабаблари маълум қилинди
Самарқанд вилоятида 2019 йилнинг дастлабки беш ойида судлар томонидан 2271та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Шундан 1214таси қаноатлантирилган.
Бу ҳақда Самарқандда бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг олтмиш тўртинчи сессиясида вилоят фуқаролик суди томонидан маълумот берилганини Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.
Мутахассислар томонидан никоҳдан ажратиш бўйича судга мурожаат қилиш сабаблари ҳам таҳлил қилинган. Қуйида ажримларнинг асосий сабаблари санаб ўтилган.
Жумладан, 2271та ажрим ишидан 1250таси оилавий келишмовчилик, 192таси моддий қийинчилик, 113таси фарзандсизлик, 59таси спиртли ичимликлар истеъмол қилиш оқибатида экани ойдинлашган.
Бундан ташқари, ажрашиш учун ариза берганларнинг ёш тоифаси ҳам таҳлил қилинган. Хусусан, ажрашиш учун аризалар 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган фуқаролардан 737та, 26 ёшдан 35 ёшгача фуқаролар 1102та, 35 ёшдан юқори фуқаролар томонидан 432та келиб тушган.