Самарқандда 5 та хонадонда ёнғин юз берди

Кеча, 26 июль куни соат 14:50 ларда Самарқанд шаҳар Шоҳи Зинда кўчасида ёнғин содир бўлган. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ушбу ёнғин юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, соат 14.58 да бошқармага Самарқанд шаҳар Шоҳи Зинда кўчасидаги 242-уйда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар тушган.

Олинган хабарга асосан ҳодиса юз бераётган жойга 5 та ёнғинга қарши бўлинма жалб этилган.

Ёнғин содир бўлаётган хонадонга биринчи бўлинма соат 15:04 да етиб борган. Кучли шамол натижасида ёнғин тезда катта майдонга тарқалган. ФВБ бўлинмалари етиб борганда 5 та хонадоннинг тахминан 200 метр квадрат майдонида шифт ва том қисми ҳамда уй жиҳозлари ёнаётган бўлган.

Тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 15:39 да ўраб олиниб, 17:00 да ўчирилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. Ҳозирда ёнғиннинг сабаби ва зарари аниқланмоқда.