Самарқандда “Абу Даби жамғармаси” лойиҳаси доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

“Абу Даби жамғармаси иштирокида Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини моденризация қилиш” лойиҳаси доирасида шаҳардаги 2 та сув иншооти, 6 та насос станцияси, 11,2 километр сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш мақсадида 31,5 миллион доллар маблағ ажратилиши белгиланган.
Президентнинг 2022 йил 8 сентябрдаги “Абу Даби жамғармаси иштирокида Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини моденризация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 300 миллион долларни ташкил этади.
Маълумотларга кўра, ушбу лойиҳа доирасида жорий йил бошидан 6,8 миллион доллар маблағ молиялаштирилиб, 5,4 миллион доллари ўзлаштирилган.
Ўтган давр мобайнида “Чўпон ота” ва “Даҳбед” сув иншоотларида (Д-300-1400) 12,5 километр қувур, электр тармоқлари ва трансформаторлар монтаж қилиниб, биноларнинг пойдевор қисмини изоляция қилиш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, иншоотлардаги 30 та сув қудуғи бурғуланиб тозаланган. Айни пайтда “Чўпон ота”, “Даҳбед” ва “Лев Толстой” сув иншоотлари, “Гормолзавод”, “Микрорайон “А” ва “Б”, “Мўлиён”, “Беруний” ва “Сўғдиёна” насос станцияларини реконструкция қилиш ишларини якунлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда.
“Самарқанд сув таъминоти” АЖ Самарқанд шаҳар филиали томонидан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган пресс-турда бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
– “Чўпон ота” ва “Даҳбед” сув иншоотиларида юқори босимли сув қувурлари ва қудуқларида монтаж ҳамда бурғулаш ишлари олиб борилмоқда, – дейди “Самарқанд сув таъминоти” АЖ Самарқанд шаҳар филиали масъул ходими Самандар Исматов. – Шу билан бирга, шаҳарнинг Микрораён ва Сўғдиёна масканларидаги кўп қаватли уй-жойларни 24 соат ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида зарур материаллар ва жиҳозлар захираси яратилди.
Буюк ипак йўли ва Тараққиёт кўчалари кесишмасида Д-500 миллиметр бўлган сув тармоғини “Микрорайон “А” ва “Б” насос станциясига борадиган Д-500 миллиметр сув тармоғига ҳамда Сўғдиёна насос станциясидан чиққан Д-200 миллиметр бўлган сув тармоғини Д-500 миллиметр магистраль сув тармоғига уланди. Сўғдиёна насос станциясида таъмирлаш, жиҳозларини янгилаш ишлари амалга оширилди.
Натижада 1980 йилдан буён уйларнинг юқори қаватларига сув чиқмаслик холатлари бартараф этилиб, 20 та маҳалладаги 42 минг нафардан зиёд аҳолининг ичимлик сув таъминоти соатбайдан 24 сота узлуксиз тартибга ўтказилди. Энди Фарҳод шаҳарчасидаги 2 та маҳаллада жойлашган кўп қаватли уй-жойларда иситиқомат қилувчи 1020 нафар аҳолининг ичимлик сув таъминотини ҳам узлуксиз тизимга ўтказиш чоралари кўрилмоқда.
Абу Даби жамғармаси томонидан молиялаштирилган мазкур лойиҳа доирасида “Самарканд инфратузилмасини модeрнизация қилиш, сув олиш ва насос станциялари учун қурилиш ва электромeханик ишлар” лойиҳаси 2023 йилдан бошлаб “MESMER-EAST” МЧЖ ва “GÜÇLÜ INŞAAT” пудратчи ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Қурилиш ва реконструкция ишларига Эрон, Туркия ва Хитой мамлакатларидан мутахассислар жалб қилинган.
– Самарқанд шаҳрида аҳоли кўп, шу боис одамларнинг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда иншоотларининг қурилиш-таъмирлаш ишларини бутун дунёда тан олинган Германия ва Ангилия технологиялари асосида олиб боряпмиз, – дейди “MESMER-EAST” МЧЖ бош технологи, эронлик Довиди Бобои. – Ушбу технологиялар орқали камида 50 фоиз электр энергияси ва қарийб 80-90 фоиз ичимлик суви тежалади. Асосий ишни техника бажаради ва мутахассислар назорат қилиб боради. Лойиҳа 2026 йилда тўлиқ якунланади, шу йил якунига қадар эса Сўғдиёна, Лев Толстой, Гормолзавод насос станцияларида реконструкция ишлари тугатилиб фойдаланишга топширилади.
Бу маълумотлар журналист ва блогерлар учун ўтказилган пресс-тур давомида берилди. Тадбир доирасида иштирокчилар шаҳар ҳудудида юзага келган носозликни бартараф этиш жараёни билан ҳам танишди.