Самарқандда асал байрами

15 ноябрдан 30 декабргача давом этадиган мазкур савдо ярмаркасида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида келган 30 га яқин фермер ва оилавий асаларичилар ўзлари етиштирган маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Ярмаркадан асал, гул чанги, прополис, мум ва асалари сути каби экологик тоза маҳсулотлар жой олган.

– Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида берилган имтиёзлар соҳани ривожлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди вилоят "Асаларичилар уюшмаси" кенгаши раиси Ҳайдар Рашидов. – Хусусан, уюшмамиз аъзоларига асалари уялари, улар учун зарур ускуналар ва асаларичилик соҳасида қўлланиладиган зарур асбоб-ускуналар шартнома асосида етказиб берилмоқда. Ярмаркани ўтказишимиздан мақсад эса, аввало, ҳамюртларимиз дастурхонини сифатли, табиий ва арзон асал маҳсулотлари билан таъминлаш. Шу билан бирга мутахассислар томонидан аҳолига асал маҳсулотининг ўзига хос фойдали ва шифобахш хусусиятлари хусусида ҳам маълумот бериш.

– Қирқ йилдан буён асаларичилик билан шуғулланаман, – дейди Самарқанд туманида яшовчи асаларичи Муҳсин Исломов. – Бу йил тасарруфимдаги 150 қути асаларини парваришлаб, 2 тонна тоза маҳсулот олдим.

Бахтиёр МУСТАНОВ.