Самарқандда дори ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳолати қандай?
Кейинги йилларда мамлакатимиз фармацевтика саноати қўллаб-қувватланди, тармоққа катта маблағлар ажратилди, фармацевтика зоналари ташкил этилди. Лекин улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Давлатимиз раҳбари томонидан бу борадаги маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, тадбиркорларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотларини харид қилишни таъминлаш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилган. Хўш, унинг ижроси вилоятимизда қандай бажариляпти?
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мутасаддилар иштирокида ушбу масалани муҳокама қилди.
Йиғилишда соҳадаги мавжуд камчиликлар, ҳар бир дори ишлаб чиқарувчи корхонанинг фаолияти ва дуч келаётган муаммолари таҳлил қилинди.
- Вилоят импортининг 16,2 фоиз фармацевтика маҳсулотлари ташкил этишини инобатга олсак, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш қанчалик муҳим эканини англаш қийин эмас, – деди Эркинжон Турдимов. - Шунинг учун вилоятимиздаги мавжуд корхоналар ва лойиҳалари пухта бўлган тадбиркорларнинг фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарур.
Вилоят раҳбари шаҳар ва туманлар ҳокимликларига ушбу тармоқ бўйича мавжуд корхоналарни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда янги фармацевтика лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.