Самарқандда доривор экинларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича мутахассислар тайёрланади

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, мавжуд дори-дармонларнинг 60 фоизини доривор ўсимликлар хом ашёларидан олинган препаратлар ташкил этади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 112 тур доривор ўсимликлар расмий табобатда фойдаланишга рухсат берилган бўлиб, ушбу доривор ўсимликларнинг 80 фоизини табиий ҳолда ўсувчи ўсимликлар ташкил этади. Табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларнинг ҳам хом-ашё захираси чегараланган бўлиб, уларни муҳофаза қилиш, биоэкологик хусусиятларини ўрганиш, хом-ашё захирасидан тўғри фойдаланиш ва кўпайтиришнинг илмий асосланган усулларини ишлаб чиқиш долзарб муаммолардан биридир.
Президентимизнинг “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларнинг уруғчилигини йўлга қўйишни ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доривор ўсимликлар соҳасини ривожлантиришга қаратилгани илмий-тадқиқот ишларини ҳам анча жонлантирди.
Хусусан, бугунги кунда Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида 2022 йилдан бошлаб Инновацион ривожланиш вазирлигининг доривор экинлар бўйича иккита илмий-амалий лойиҳаси молиялаштирилди. Булар қиймати 3,5 млрд. сўмлик “Техник каннабис селекцияси ва уруғчилиги” ҳамда қиймати 1,1 млрд. сўмлик Самарқанд бўзночи ўсимлигини уруғларидан кўпайтириш ва плантацияларини ташкил этиш мавзусидаги лойиҳалардир.
Бундан ташқари, филиал ёш олимлари ва магистрантлари томонидан доривор артишок ва амарант ўсимликларини вилоятимиз шароитида етиштириш ва уни қайта ишлашни йўлга қўйишга қаратилган қиймати 80 млн. сўмлик “Fitobar super-power” стартап лойиҳаси ҳамда қиймати 250 млн. сўмлик “Амарант ХХI аср ўсимлиги” мавзусида стартап лойиҳаси амалга оширилмоқда. Филиалнинг Ахборот-маслаҳат марказида бугунги кунда 0,5 гектар майдонда доривор артишок экини, 2 гектар майдонда эса амарант ўсимлиги экиб кўпайтирилмоқда.
Талабаларни илмга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, қолаверса, касбга муҳаббат уйғотиш мақсадида бугунги кунда бажарилаётган лойиҳа ижрочиларининг 55 фоизи талабалардан иборат. Зеро, талаба-ёшлар бўш вақтини бекор ўтказмасдан илм-фанга бағишласа, соҳанинг етук ва малакали мутахассиси бўлиб етишади. Шунингдек, қўшимча даромад олиб, жамият ривожига ҳам ўз муносиб ҳиссасини қўшади.
Бугун замон талабларига жавоб берадиган соҳа учун юқори салоҳиятли, рақобатдош ва малакали кадрлар тайёрлаш энг асосий вазифа ҳисобланади. Филиалда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, “Доривор ўсимликларни етиштириш технологияси” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиб, 10 нафар магистр таҳсил олмоқда. Янги 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб эса, “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси” бўйича бакалаврлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. Келгусида таълимдаги узвийликни амалга ошириш, илмий-тадқиқотлар натижадорлигини таъминлаш илмий салоҳиятни ошириб бориш мақсадида докторантура ихтисослигини очиш ҳам режалаштирилган.
Ҳусниддин Хонқулов,
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали директори ўринбосари.