Самарқандда электрдаги авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш учун 84 та махсус бригада бор. Хўш, уларнинг самараси қандай?
Хабар қилганимиздек, қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун электр таъминоти корхоналарида қандай ишлар бажарилгани ҳақида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари Умид Назаров иштирокидаги брифинг ўтказилди.
У.Назаровнинг таъкидлашича, Самарқанд вилоятида 867 189 нафар жисмоний ва 46 323 та юридик истеъмолчиларга 142 дона нимстанция, 12 272 та трансформатор пунктлари, 29 292,4 км электр тармоқлари орқали электр энергияси етказиб берилади.
Ўтган даврда 300 га яқин ҳар хил қувватдаги трансформаторлар, 759,2 км электр тармоғи тортилди ва 14 минг 236 дона темир бетон устунлар янгисига алмаштирилди.
13 та нимстанция, 2 941,2 км электр узатиш тармоқлари, 1174 та трансформатор пунктлари, марказий таъмирлаш устахонаси томонидан йил бошидан 25-630 киловатт амперли 702 та куч трансформаторлари мукаммал таъмирланди. Шунингдек, 129 та нимстанция, 7012,8 км электр узатиш тармоқлари, 2102 та трансформатор пунктлари жорий таъмирланди.
Қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида вилоят бўйича 542 нафар ишчи-мутахассис ва 42 та махсус техникалардан иборат 84 та аварияларни бартараф қилиш бригадалари ташкил қилинди.
Бугунги кунда аҳоли ва ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида барча ташқи ёритиш ва реклама ускуналари тармоқдан ажратилмоқда. Авария ҳолатларини тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Аварияларни тезкор бартараф қилиш учун 84 дона ҳар хил қувватдаги трансформаторлар билан бирга 40 км кабель ва симлар, 400 дона темир бетон устун, шунингдек, электр-автомат, ажратгичлар, сақлагич ва 40 тонна трансформатор мойи захира қилинди.