Самарқандда электрон ва пластик чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси ташкил этилади

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Чехиянинг “Praktik system” компанияси раҳбари Петр Линҳарт билан учрашди.
Мулоқотда электрон ва пластик чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаси муҳокама қилинди. Петр Линҳарт раҳбарлик қиладиган компания дунёнинг йигирма тўртта давлатида электрон ва пластик чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарга эга.
Ушбу корхоналарда музлаткичлар, совутиш ва музлатиш мосламалари, кир ва идишларни ювиш машиналари, микротўлқинли печлар, чангютгичлар, электрон чойнаклар ва бошқа шу турдаги маиший электрон жиҳозларни экологик жиҳатдан қайта ишлаш ва утилизация ишлари олиб борилади.
Компания вакиллари юртимизда, хусусан, Самарқандда ҳам ана шундай корхона қуришга инвестиция киритиш истагида эканликларини билдирди. Бу учун шаҳар бўйлаб электрон ва пластик чиқиндиларни қабул қилиш жойлари, махсус завод қуриш бўйича лойиҳаларининг тақдимотини ўтказди.
Вилоят раҳбари чиқиндиларни қайта ишлаш, чиқиндиларни бошқариш соҳасида энг муҳим чора-тадбирлардан бири ҳисобланиши, сўнгги йилларда мамлакатимизда чиқиндиларни қайта ишлаш масаласига алоҳида эътибор берилаётганлигига тўхталиб, инвесторга қонун доирасида амалий кўмак кўрсатилишини билдирди.