Самарқандда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” формати тадбирлари бошланди
17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” шаклида ташқи ишлар вазирлари учрашуви ва “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференция ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида “Буюк Ипак йўли” халқаро туризм марказида Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда барқарор энергияни ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳасига бағишланган давра суҳбати ва “Марказий Осиё ёшлари овози” форуми ташкил этилди.
Минтақа давлатларидан энергетика бўйича миллий идоралар масъуллари ва экспертлар ҳамда ЕИ вакиллари иштирок этган давра суҳбатида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёда барқарор энергия боғлиқлиги” (SECCA) янги лойиҳаси ишга туширилгани маълум қилинди.
Умумий бюджети 6,8 миллион евро бўлган SECCA лойиҳаси ЕИ илғор амалиётига мувофиқ ҳолда Марказий Осиёда янада барқарор энергия балансини рағбатлантиришга қаратилгани таъкидланди.
Хусусан, лойиҳа барқарор энергетика тизимига ўтиш бўйича миллий сиёсатни кучайтириш, минтақага қайта тикланадиган энергия ва энергия самарадорлиги бўйича инвестиция жалб этиш, салоҳият ва хабардорликни оширишни назарда тутади. Минтақадаги сўнгги ўзгаришлар истиқболли барқарор энергия боғлиқлигининг ижобий белгиларидан далолат беради. Иқтисодий ўсиш ва аҳоли сони ортиши натижасида электр энергиясига талаб ҳам ортиши кутилмоқда. Ушбу талабни қондириш йирик инвестициялар, бозор ислоҳоти ва салоҳиятни ривожлантиришни тақозо этади.
– Ушбу лойиҳа Европа Яшил битими ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясига асосланади, – деди INTPA Бош директори ўринбосари Марета Жагер хоним. – Бу минтақада энергия барқарорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, иқлим бўйича мақсадларга эришиш, иш ўринлари, бизнес учун қўшимча имкониятлар яратиш учун қуёш, шамол ва гидроэлектр энергияси бўйича минтақа салоҳиятини ошириш каби мақсадларни кўзлайди. Айни пайт минтақанинг муҳим барқарор энергия салоҳиятидан кўплаб институционал, молиявий, техник ва ижтимоий тўсиқлар туфайли тўлиқ фойдаланилмаяпти. SECCA лойиҳаси ушбу тўсиқларни бартараф этиш, қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва минтақада энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Давра суҳбатида лойиҳа экспертлари SECCA мақсадлари, режалаштирилган тадбирлар ва кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритди. Барқарор энергетика секторидаги ҳозирги ҳолат ва муаммолар ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликнинг келгуси истиқболи муҳокама қилинди.
ЮНИСЕФ, Европа таълим жамғармаси ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган Марказий Осиё ёшлари мулоқотида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ёшлари вакиллари иштирок этди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним, “Юксалиш” миллий ҳаракати раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов, ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон ва бошқалар минтақада ёшлар ҳаёти, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, мақсад ва режаларини амалга оширишга кўмаклашиш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
– Ёшлар ҳамма вақт, ҳар қандай сиёсатда ҳал қилувчи куч ҳисобланади, – деди Шарлотта Адриан хоним. – Улар янги ғоя ва ташаббуслар манбаи, янги ҳаракатланувчи куч. Биз ёшларнинг сиёсатда иштирок этиш маданиятини юксалтирсак, уларни қўллаб-қувватласак, бундан фақат манфаат кўрамиз. Марказий Осиёда ҳам ёшлар имкониятидан тенг ва тўғри фойдаланишни таъминлашимиз зарур. Бу уларнинг нафақат ўз давлати, балки минтақа салоҳиятидан максимал даражада фойдаланишига туртки беради.
ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон хоним ёшлар минтақада ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришда асосий ҳамкор эканлигини таъкидлар экан, уларни ҳимоя қилиш учун бундай платформалар жуда зарурлигини қайд этди. Улар келажакнинг эмас, балки бугунги куннинг етакчиси эканликларини яққол намоён этмоқдалар.
“Юксалиш” миллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида сўз юритиб, Президент Шавкат Мирзиёев бу борадаги ташаббусларни нафақат мамлакат, балки халқаро миқёсда ҳам кенг жорий этиш ғоясини илгари суриб келаётганини таъкидлади.
– Марказий Осиё ёшларининг овозини билдириш, ташаббусларини илгари суриш учун бугун Самарқандга минтақадаги беш давлатдан энг фаол, интилувчан, янги ғоя ва ташаббусларга бой йигит-қизлар келган, – деди Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси раиси Ширин Обидова. – Ҳар биримиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тарафдоримиз. Ҳар биримиз ўз мамлакатимиз ва бутун минтақада барқарор ривожланишни, халқларимиз осойишта ҳаёт кечиришини, замон билан ҳамқадам бўлишини истаймиз. Бизнинг мақсад ва ғояларимиз шунга қаратилган.
Ёшлар мулоқотида ташкилотчилар ва ёшлар томонидан Марказий Осиё мамлакатларида яшил иқтисодиётни ривожлантириш, атроф-муҳит ва экология мусаффолигини таъминлаш, ёшлар таълим-тарбияси билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА