Самарқандда "Фермерлар мактаби"нинг кейинги босқич ўқувлари бошланди
"Агробанк" Самарқанд вилоят бошқармасида "Фермерлар мактаби"нинг галдаги босқич ўқуви бошланди. Шу муносабат билан тадбир ташкил этилди.
Унда Қишлоқ, Сув хўжалиги вазирлиги вакиллари, сенаторлар, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вилоят бўлими ходимлари ҳамда тажрибали фермерлар иштирок этди.
Қишлоқ, Сув хўжалиги вазирликлари, "Агробанк" АТБ, олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот институтлари, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги вакиллиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу ўқув курслари фермерлар учун жуда фойдали саналади.
- Йилдан-йилга озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ошмоқда, - дейди "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, Нарпай туманидаги "Меҳнат-роҳат" фермер хўжалиги бошлиғи Зайнаб Ҳайдарова. - Бу эса фермердан озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда катта масъулият талаб қилади. Энди фермер фақат ердан мўл ҳосил оладиган деҳқон эмас, яратувчи, хомашёни қайта ишловчи, уни четга экспорт қилишга қодир тадбиркор бўлиши керак. Фермерда бундай кўникмаларни шакллантириш ва тажриба олишда ушбу ўқув курсларининг аҳамияти катта.
Бу борадаги биринчи қадамлар "Агробанк"нинг "100 китоб" лойиҳасининг амалга оширилганида ва бу китоблар ҳар бир фермер учун яққол дастур бўлган, десак адашмаган бўламиз.
Иштирокчилар Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида ташкил этилган "Фермерлар мактаби"да бўлишди ва бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, ўқитиш жараёнлари, янгиликлар ва битирувчиларга берилаётган имкониятлар ҳақида билиб олишди.
Самарқанд шаҳрида ташкил этилган ўқув курсида Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларининг аграр тармоққа қизиққан фермер ва соҳага қизиқувчилар танлов асосида танлаб олиниб, бепул ўқитилади. Унда 18-35 ёшдаги тингловчилар қабул қилинади. Ўқиш 2 ой бўлиб, 2 ҳафталик амалиёт ва 1 ҳафталик бизнес-режа тайёрлаш қисми ҳам бор.
Ўқув дастури қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш сирлари, мўл ҳосил олиш учун уруғ ва ўғитларни танлаш, чорва молларини парвариши, самарали бизнес-режа тузиш асослари, етиштирилган маҳсулотларни замонавий маркетинг усуллари орқали сотиш каби назарий ва амалий билимларни ўзида жамлагани билан аҳамиятлидир.
Битирувчилар ўқув жараёнида ўз бизнес-режасини ишлаб чиқади ва уларга махсус сертификатлар берилади. Битирувчиларнинг фаолияти ҳар уч ойда мониторинг қилиб борилади. Шу тариқа уларнинг фаолияти икки йил давомида назоратда бўлади.