Самарқандда Германия билан ҳамкорликда саломатлик мактаби очилди
Самарқандда Ўзбекистон оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ва Германиянинг Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Инсоннинг саломатлик ҳуқуқи ва давлатнинг роли” мавзусида ВИИ халқаро фанлараро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Германия ва ўзбекистонлик экспертлар, суд-ҳуқуқ тизими, соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, олимлар иштирок этди.
Конференцияда хорижий тиббиёт ходимларини бирлаштириш лойиҳалари, касалхоналарни бошқариш, саломатлик масалаларида таниқли олимларнинг маърузалари тингланди, муҳокама этилди.
- Соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат сиёсати фуқароларнинг соғлигини муҳофаза қилиш ва тиббий ёрдамга бўлган конституциявий ҳуқуқларнинг амалга оширилишини таъминлашдан иборат, - дейди Ўзбекистон Республикаси Оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази директори Азамат Эгамбердиев. – 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтган референдумда умумхалқ овози билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш масалаларига катта ўрин берилган. Шунингдек, ижтимоий давлат тамойили, кекса авлод вакиллари, ногиронлиги бўлган шахсларни ишончли ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, таълим ва илм-фан, маданиятни ривожлантириш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш каби кўплаб принципиал аҳамиятга эга масалалар киритилган.
Конституцияга янги тушунчаларнинг тегишли қонунлар ҳамда сиёсий-ҳуқуқий дастурлар асосида киритилиши саломатлик ҳуқуқининг миллий концепциясини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган фанлараро тадқиқотларни амалга оширишни тақозо этади. Германия ва ўтиш жараёнини бошидан кечираётган Ўзбекистон ҳамкорлигида бундай мулоқотларнинг ўтказилиши соғлиқни сақлаш соҳасидаги сиёсат ва саломатлик ҳуқуқининг аҳамияти ҳамда мазмуни ҳақидаги назарий ғояларни илгари суришга хизмат қилади.
Анжуманда икки давлат олимлари ҳамкорлигида саломатлик ва ҳуқуққа доир ўқув қўлланмалар, илмий ишланмалар яратиш масаласи илгари сурилди. Конференция доирасида Ўзбекистон-Германия “Абу Али ибн Сино ва Хайнрих Шиппергес номидаги Самарқанд халқаро саломатлик фанлари олий мактаби” нодавлат таълим муассасасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.