Самарқандда ҳашар бўлмоқда
Рамазон ҳайити арафасида бугун юртимизда, жумладан Самарқанд вилоятида “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги!” шиори остида умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Ҳашар доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, бинолар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқлар ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш, ҳудудларда санитария-гигиеник дезинфекция ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлимидан маълум қилишларича, 1200 гектардан ортиқ ҳудуд, 1000 га яқин қабристон ва 40 та зиёратгоҳлар ободонлаштирилади. Шунингдек, 130 километр ариқ ва зовурларни тозалаш, 57 минг тупдан ортиқ манзарали ва 27 минг туп мевали дарахт кўчатлари, 300 мингга яқин гул экилиши кўзда тутилган.
Хайрия ҳашарида кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, вилоятдаги 650 дан зиёд юртдошимизнинг хонадони таъмирланади. 450 нафар эҳтиёжманд, 240 нафарга яқин ногирон ва ёлғиз қарияларга 112 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилади.
Айни пайтда барча маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда хайрия ҳашари тадбирлари бошланди.