Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда икки соатда сайловчиларнинг 21 фоизи овоз берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда қайд этилишича, 7-Самарқанд сайлов округи ҳудуди, яъни Самарқанд вилоятидаги 1111 та сайлов участкаларининг барчасида бугун эрталаб, соат 8.00 да овоз бериш жараёнлари бошланди.

Сайловчиларнинг электрон рўйхати асосидаги охирги маълумотларга кўра, округ бўйича сайловчиларнинг умумий сони 2 миллион 194 минг 392 нафарни, жумладан, биринчи марта сайловда қатнашувчи ёшлар 151 минг 676 нафарни ташкил этмоқда.

Бугун соат 10.00 ҳолатида округ бўйича 471 минг 668 нафар сайловчи, ёки округ бўйича сайловчилар умумий сонининг 21 фоизи овоз беришда иштирок этди.

Сайлов участкаларида овоз бериш жараёнларини белгиланган тартибда мандат берилган сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари ходимлари кузатиб бормоқда.

Округ бўйича 16 та, ҳар бир туман, шаҳардан биттадан сайлов участкасидаги жараёнлар онлайн видео-трансляция қилинмоқда.