Самарқандда туркиялик шифокорлар иштирокида амалий семинарлар ўтказилди

Самарқанд давлат тиббиёт институти билан ҳамкорликда Туркиянинг “Medical Park”, “Vm Medical Park”, “Liv” тиббиёт компания ва клиникалари билан биргаликда “Тиббиёт фани ва технологиясининг замонавий ютуқлари” мавзусидаги амалий семинар ўтказилди.

Анжуманда Самарқанд вилоятида ўз фаолиятини юритиб келаётган акушерлик ва гинекология, онкология, хирургия, урология мутахассислиги бўйича шифокорлар қатнашди.

Халқаро конференцияни Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаев очиб берди. Конференция доирасида «Бепуштликни даволашнинг замонавий усуллари, ИВФ орқали даволаш муваффақиятлари», «Суяк илиги трансплантацияси», “Янги технологиялар орқали онкоурология ва онконефрологияда даволаш афзалликлари» , “ Юқори технологияли соғлиқни сақлаш, орган трансплантацияси бўйича махсус тадқиқотлар», «Умумий онкология, канцерогенез, эпидемиология масалалари, хатарли ўсмаларни ташхислар ва даволаш тамойиллари», «Буйрак трансплантацияси» ва «Гинекологияда эстетик жарроҳлик» мавзуларида мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 1–сон хирургик касалликлар кафедрасида институт профессори Зафар Курбаниязов ҳамда “Medical Park” профессори Булент Унал ҳамкорликда жарроҳлик амалиёти ўтказди.

Келгусида СамДТИ ҳамда "Medical Park" тиббиёт маркази ўртасидаги меморандумга асосан буйрак ва жигар трансплантацияси бўйича ҳам жарроҳлик ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Республикамизда 5 минг нафар бемор жигар циррозидан азоб чекса, уларнинг 500 нафари, яъни 10 фоизи жигар трансплантацияси амалиётига муҳтож. Бугунги кунга қадар мамлакатимизда жами 10 та жигар трансплантацияси амалга оширилган.

ЎзА