Самарқандда инвитро усулида сифатли картошка уруғлари етиштирилади

Жанубий Корея Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазирлиги (MAFRA), Корея қишлоқ ҳудудларни ривожлантириш корпорацияси (KRC) билан ҳамкорликда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ўртасида тўрт томонлама шартнома имзоланди.

Шартномада Кореялик ҳамкорлар билан биргаликда “Ўзбекистонда картошка ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уруғлик ишлаб чиқариш тизимини ривожлантиришда салоҳиятни ошириш” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу шартнома 5 йил муддатга амал қилиб, Жанубий Корея ҳукумати томонидан 5,5 млн. АҚШ доллари (5.5 млрд. Корея вони) миқдорида молиялаштирилади.

- Лойиҳага кўра, Кореядан мутахассислар жалб этилиб, филиалимизда сифатли картошка уруғларини етиштириш учун инвитро лабораторияси ташкил қилинади, - деди филиал директори Шавкат Ҳасанов. - Шунингдек, филиал тадқиқотчилари Кореяда малака ошириб, бу борадаги билимларини мустаҳкамлайди. Сифатли картошка уруғини етиштириш ишлари замонавий Корея технологияси асосида амалга оширилади. 

Делегация таркибида Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазирлигининг халқаро ҳамкорлик бошқармаси директори Мун Кюн Дак ҳамда Корея қишлоқ ҳудудларни ривожлантириш корпорацияси лойиҳаларни бошқариш бўйича бош менежер Чой Мин Ёнглар лойиҳани амалга оширишга тегишли ҳудудлар билан яқиндан танишиб чиқиб, лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш бўйича ўз фикрларини билдиришди.

Сифатли картошка етиштириш лойиҳаси 2023-2027 йилларга мўлжалланган, ишлар эса октябрь ойидан бошланади.