Самарқандда “Жасорат мактаби” ҳарбий-ўқув йиғини бошланди
Қуролли кучлар кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидан келган ёшлар учун "Жасорат мактаби" ўқув йиғинининг учинчи мавсуми бошланди.
Вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ташкил этилган йиғин иштирокчилари масъул офицерлар томонидан тантанали кутиб олинди. Сўнг, шифокорлар кўригидан ўтказилиб, уларга ҳарбий либослар тарқатилди.
Таъкидланишича, йиғиннинг дастлабки кунида иштирокчилар ўз қизиқишларига қараб "Ёш тадбиркорлар", "Ёш IT дастурчилар" "Ёш ҳайдовчилар" ҳамда "Ёш пайвандчилар" гуруҳларига бўлинади. Ўн кунлик ҳарбий-ўқув йиғин давомида маънавий-маърифий ва бизнес сабоқлар, жанговар тайёргарлик машғулотлари, психологик, мотивацион тренинглар олиб борилади. Шунингдек, спорт мусобақалари, “Сенатор ва ёшлар”, “Қўмондон ва ёшлар” каби бир қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.