Самарқандда жонли ижро айтадиган санъаткор борми?
Биз нима учун бугун жонли ижро ҳақида кўп гапирамиз. Қалбларни ларзага солувчи бундай ижроларни соғинамиз. Чунки оҳанглари билан дилларга ҳузур бағишловчи бундай ижролар афсуски, кейинги пайтда камайиб кетди. Одамлар жонли ижро нима эканлигини унутиб ҳам қўйди. Нега?
- Олдинлари тўйларга бориб, ҳофизларнинг жонли ижродаги қўшиқларини эшитиб маза қилардик, - дейди бувим. – Қишлоқ аҳолисининг маданий ҳордиқ чиқарадиган жойи тўйлар эди. Бугун тўйга борсанг, ашуладан эмас, шовқиндан бошинг оғрийди.
Америкалик хонанда Ронни Жеймс Дио “Фонограммада берилган концертга ксерокопия қилинган пул тўлаш керак”, деган эди. Ҳақиқатдан ҳам фонограмма орқали қўшиқ эшитасиз, аммо мисраларнинг мағзини, санъаткорнинг дардини ҳис қилмайсиз. Хўш, бугун вилоятимизда санъаткорларимиз жонли ижрода қўшиқ куйлашга тайёрми?
- 2020 йил 26 май куни Президентимиз томонидан қабул қилинган «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони айнан жонли ижрода куйлайдиган санъаткорларимизнинг муаммоларига ечим бўлди, – дейди Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлими раҳбари Жаҳонгир Ниёзов. - Бу ҳам ўз навбатида, унут бўлаётган миллий оҳангларимизга, мусиқамизга яна қайта ҳаёт бахш этади. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлимида 10 нафар хонанда, 8 нафар раққоса ва 10 нафар созанда фаолият юритаётган бўлса, уларнинг барчасини ҳеч иккиланмай жонли ижрода ўз санъатини намойиш этадиган истеъдод эгалари, дея оламан. Жонли ижродаги концертлар 40-50 кишининг меҳнати маҳсули. Унинг ортида машғулотлар, тинимсиз изланишлар, ўз устида ишлаш ва албатта, молиявий имкониятлар ётади. Чунки санъаткор концертдан фойда олмайди, у шундан завқланади, ўз меҳнатини халққа намойиш этади, имтиҳон топширади. Карантин даврида ҳам санъаткорларимиз бўш ўтирмай турли онлайн танловларда қатнашди, ижод маҳсулларидан лавҳалар тайёрлаб телеграм каналимизда доимий жойлаштириб борди. Яқинда Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида “Ашула ва рақс” ансамблимизнинг “Соғинч” деб номланган галаконцертини намойиш этдик. Эътиборлиси, бўлимимиз хонандалари томонидан энг сара қўшиқлар жонли ижрода куйланди.
Самарқандлик хонанда Хушнуд Эштўхтаев карантин даврида ажойиб ташаббус билан чиқди. Ўзбекистон давлат филармонияси Самарқанд вилояти бўлими хонандаси вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда уйида онлайн концерт намойиш этди. Хоразм, миллий ва эстрада йўналишларини уйғун ҳолда ижро этадиган истеъдодли санъаткорнинг концерти кўпчиликка манзур бўлди.
- Фонограммада қўйилган концертни футбол майдонига ўхшатаман, - дейди Х.Эштўхтаев. – Ўйин давомида белгиланган қоидалардан чиқиб кета олмайсиз. Куй, оҳанг эса чегара билмайди. Қанчалик жўшиб куйласангиз, инсонлар қалбини шунча тез забт этасиз. Отам Ҳайдарали Тўхтаев қўшиқларни маромига етказиб ижро этарди. Ёшлигимдан санъаткорлар даврасида катта бўлганим учун бу соҳанинг машаққатларини ҳам, масъулиятини ҳам, жойи келса, муваффақиятларини ҳам яхши биламан. Битта концерт қўйиш учун хонандадан қанча маблағ сарфланиши шу соҳада ижод қилаётганларга бегона эмас. Ижара тўлови, созандалар, раққосалар, саҳна безаги, бошловчи, саҳна ортидаги хизматларни айтмай қўя қолай. Аммо шунда ҳам жонли ижронинг завқини билган хонанда битта тор билан бўлса ҳам куйлайди. Карантин даврида ҳам ижод қилиб, “Ватан” (Сафо Очил шеъри) ва “Она” (Қадам Саидмуродов шеъри) номли қўшиқлар ёздим ва онлайн концертимда ижро этдим.
Бугун халқимиз жонли ижроларни соғинди. Телеканаллар орқали намойиш этилаётган маъносиз, бачкана қўшиқлардан чарчади. Жонли ижрони қадрлайдиган ва бу йўлда ижод қиладиган санъаткорларимиз ҳали ҳам бор.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.