Самарқандда коронавирусни аниқлаш учун тест захираси етарли

Самарқанд вилоятида коронавирусга қарши курашиш мақсадида аҳолини тест таҳлили орқали текшириш ишлари асосан вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда. Касаллика қарши тест таҳлиллари бугунгача вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда ОИТСга қарши курашиш диспансери лобораторияларида текширилган бўлса, энди улар қаторига Самарқанд шаҳридаги «Паризода медикал сервис» хусусий тиббиёт маркази ҳам қўшилди.

- Кейинги вақтларда фуқароларимиздан коронавирус инфекциясига қарши текширувдан ўтказишни сўраб қилинаётган мурожаатлар сони ошиб бормоқда, – дейди вилоят санитария-эпидемологик осойишталик маркази бош врачи А.Баҳромов. – Ҳозиргача вилоят бўйича 102 мингдан зиёд таҳлиллар текширилиб, улар орасидан вирус борлигига гумонланган 689 таҳлил ажратиб олинди. Қайта текширувлардан сўнг эса 625 таҳлилда мусбат кўрсаткич аниқланиб, беморлар шифохоналарга даволаниш учун ётқизилди. Айни пайтда марказнинг вирусология лабораториясида 11 турдаги грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялардан ташқари тиббий кўрсатмаларга амал қилган ҳолда коронавирус бўйича ҳам текширув олиб бориляпти. Шу пайтгача асосан хориждан келганига 14 кун муддат ўтмаган, иситма ва бошқа касаллик белгилари кузатилган шахсларнинг таҳлиллари текшириларди. Эндиликда шаҳар ва туманлардаги марказларга мурожаат қилган клиник ва эпидемиологик кўрсатмаларга кўра, коронавирус белгилари аниқланган фуқаролардан олинган суртмалар ҳам таҳлил қилинмоқда.

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида жойлашган санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига мурожаат қилган ҳар бир фуқародан олинган суртмалар зудлик билан клиник лабораторияга етказиб келинмоқда. Шунингдек, ҳар бир туманда таркибида биттадан врач инфекционист, эпидемиолог ва умумий амалиёт шифокоридан иборат мобил гуруҳлар ташкил этилган. Шифокорлар касалликка гумон қилинган фуқароларнинг хонадонларига бориб, тиббий кўрик ўтказишади. Бемор аниқланганда ва гумон қилинганда зудлик билан шифохонага олиб бориш, у билан мулоқот қилганларнинг эса карантинга олинишини таъминлаб беради.

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, беморлар билан мулоқотга киришган фуқаролар энди 14 кун эмас, 10 кун давомида каратинга олинади. Вилоятдаги «Устоз» ҳамда «Марварид» дам олиш сиҳатгоҳлари карантин марказларига айлантирилди. Уларда фуқаролар учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтиб, шифокорлар назоратида бўлади.

- Лабораториямизда кунига 1800-2000 тагача тест таҳлиллари текширилади, - дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Зоир Мўминов. - Бундан ҳам кўпроқ текширишга эса техник имкониятимиз етмайди. Чунки шу пайтгача ишлатиб келинган учта, бир вақтда 36 та таҳлилни текширадиган полимераз занжир реакцияси ускунасининг биттаси техник носоз. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги 96 талик, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси эса битта 36 талик полимераз занжир реакцияси ускунасини ажратиб берадиган бўлди.

Ҳозирда вилоятда 17,778 та тест захираси бор. Бу камида 18-20 кунга етади. Уларнинг 6500 таси Хитойдан, 11300 га яқини Россия давлатидан келтирилган.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.