Самарқандда мактабгача таълим тизимида 250 нафар юқори малакали мутахассисга эҳтиёж бор
Бугун мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор берилмоқда. Сўнгги 3 йил давомида боғчалар қиёфаси ўзгарди. Болаларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш мақсадида замонавий мактабгача таълим ташкилотлари қурилмоқда. 2017 йилда 565 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугунги кунда 2421 та боғча 212 229 нафар болажонни бағрига олган. Эътиборлиси, энг чекка ҳудудларда ҳам болалар яхши шароитларда таълим оляпти? Муассасаларда яратилган шароитни кўриб, ота-оналарнинг ҳам боғчаларга бўлган муносабати ўзгарган.
Замонавий боғчалар барпо этиш билан бирга олдимизда малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳам муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Зеро, шу вақтгача тарбиячилар кунни кеч қилиш учунгина болаларни олиб ўтирган. Бугун эса талаб ўзгарди. Янги дастурлар асосида болаларга таълим-тарбия бериляпти. Давлатимиз томонидан боғчалар ўқув қуроллари, турли дидактик материаллар, ўйинчоқлар таъминланяпти. Энди тарбиячиларнинг вазифаси улардан самарали фойдаланган ҳолда болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириб, мактабга тайёрлаш, сифатли таълим-тарбия беришдан иборат бўлмоқда.
Вилоятимизда 2021 йил давомида мактабгача таълим сифатини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Педагог кадрлар 3 йилда 4 107 нафардан 96 947 нафарга ошиб, олий маълумотли кадрлар салоҳияти 37 фоизга етказилди. Аммо шунда ҳам Самарқандда мактабгача таълим тизимида 250 нафар юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж бор.
Бу борадаги ишларни янада ошириш мақсадида СамДУ мактабгача таълим йўналиши бўйича 2021-2022 ўқув йили қабул квотасини 2 бараварга ошириш ҳамда олий маълумотли педагоглар салмоғи паст бўлган Нарпай, Каттақўрғон, Ургут туманлари учун “Мактабгача таълим" йўналишида мақсадли квота ажратиш лозим.
Педагогларнинг узлуксиз малакасини оширишнинг электрон тизими жорий этилиб, бунда улар уйдан туриб эркин узлуксиз билим олиш ва ўзини баҳолаш, соҳага оид илғор тажрибалар ва инновациялари ўрганиш, малака ошириш институти профессор-ўқитувчи ва тингловчилари билан қайта алоқа қилиш, платформадаги электрон адабиётлардан фойдаланиш имконияти яратилади.
2021 йил 15 март ҳолатига кўра, вилоятимизда 9397 нафар ўқитувчи, шу жумладан, уларнинг 3439 нафари олий ҳамда 5958 ўрта касб-ҳунар билими эга мутахассислар иш билан таъминланган. Жорий йил якунигача педагогика институтлари ва қайта тайёрлаш курслари битирувчилари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчиларни кўпайтириш режалаштирилган.
Собиржон Мирзаев,
вилоят мактабгача таълим бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи.