Самарқандда меҳнат дафтарчасини вақтида ололмаган фуқарога мажбурий прогул учун иш ҳақи ундириб берилди
Даъвогар Б.Олимов (исм-фамилиялар шартли) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, берган тушунтиришида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Самарқанд вилоят кенгашининг буйруғи билан ташкилотнинг Ургут туман ўқув спорт техника клуби бошлиғи бўлиб ишлаганлигини баён қилган.
У билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан сўнг, “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши меҳнат дафтарчасини дастлаб эрта-индин берамиз дейишганлигини, кейин эса меҳнат дафтарчаси йўқолганлигини, дубликат қилиб беришларини билдирган. Оқибатда у бошқа ишга кира олмаган, ниҳоят 2019 йил 26 июнь куни тўлдирилган меҳнат дафтарчасининг дубликатини беришган.
У мажбурий прогул бўлганлигини, бундан ташқари, у руҳан азоб чекиб, маънавий зарар кўрганлигини, ушбу маьнавий зарарини 10 миллион сўм деб баҳолашини билдириб, меҳнат муносабатларини бекор қилиш санасини меҳнат дафтарчаси берилган кунга кўчиришни сўраган. Шунингдек, жавобгардан унинг фойдасига 2017 йил 18 декабрдан 2019 йил 26 июнга қадар мажбурий прогул учун хақ ундиришни талаб қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 25 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъвоси қисман қаноатлантирилган. Яъни, «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши зиммасига даъвогар билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш санасини меҳнат дафтарчаси берилган кун, яъни 2019 йил 26 июнга кўчириш ва меҳнат дафтарчасига тегишли ўзгартириш киритиш мажбурияти юклатилган. Шунингдек, мажбурий прогул учун Б.Олимовга 9 449 425 сўм иш ҳақи, етказилган маънавий зарар учун 1 миллион сўм тўлаш мажбурияти юкланган. Шунингдек, дастлаб тўланган 446 минг сўм давлат божи ҳамда давлат фойдасига 377 977 сўм давлат божи ундирилган.
Бироқ бу қарорга нисбатан Б.Олимовнинг келтирилган шикоятида ҳал қилув қарорини ўзгартириб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш сўралган.
Ўз навбатида жавобгар келтирган шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори чиқаришни сўраган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар Б.Олимов вилоят кенгашининг буйруғи билан Ургут туман ўқув спорт техника клуби бошлиғи вазифасини бажарувчиси вазифасига тайинланганидан сўнг меҳнат дафтарчасини вилоят кенгашига топширган. У билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин меҳнат дафтарчаси ўз вақтида берилмаган. 2019 йил 26 июнь куни меҳнат дафтарчасининг дубликати берилган.
Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.3-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади.
Гарчанд жавобгарнинг вакили Ш.Атабоева Б.Олимовга бир неча марта меҳнат дафтарчасини олиб кетиш ҳақида огоҳлантириш хатларини жўнатганлигини билдириб, ушбу огоҳлантириш хатлари нусхаларини тақдим қилган бўлса-да, бироқ меҳнат дафтарча ташкилот масъул ходимининг эътиборсизлиги натижасида йўқолган, меҳнат дафтарча алоҳида сақланмаган.
Меҳнат кодекси 275-моддаси 2-қисмининг 1 ва 2-хатбошисига кўра, иш ҳақини ундириш тўғрисида низо келиб чиққан тақдирда, меҳнат низоларини кўрувчи орган меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги ходимнинг пул ундиришга доир талабларини тўлиқ қондиради.
Ишдаги маълумотга кўра Б.Олимовнинг бир ойлик ўртача иш ҳақи 748 426 сўмни, демак, 2017 йил декабрдан 2019 йил июнгача 18 ойлик ўртача иш ҳақи жами 13 471 704 сўмни ташкил этади. Шулардан келиб чиқиб, кассация инстанцияси суди ажримига асосан Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 25 октябрдаги ҳал қилув қарори учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги тартибда ўзгартирилди:
«Ватанпарвар» ташкилоти Самарқанд вилоят кенгашидан Б.Олимовнинг фойдасига 13 471 704 сўм мажбурий прогул учун иш ҳақи, етказилган маънавий зарар учун 1 миллион сўм ва дастлаб тўланган 446 минг сўм давлат божи, давлат фойдасига эса 984 868 сўм давлат божи ундирилсин.
Ф.ҚАРШИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси.