Самарқандда миллий либослар кўргазмаси бўлиб ўтди
Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида “Хон атлас – миллийлигимиз рамзи” фестивали ўтказилди.
Атласдан тикилган либосларимизда халқимизнинг ўтмиши, урф-одати ҳамда анъаналари, шунингдек, ўзига хос хусусиятлари мужассам. Атлас матоси қадимийлиги ҳамда бетакрорлиги учун дунёнинг ҳеч қайси жойида учрамайди.
– Атлас – халқимиз миллий либосларининг рамзига айланиб кетган, – деди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси Муҳайёхон Аббосова. – Унинг ёрқин ранглари, такрорланмас нақшлари кишига хуш кайфият бағишлайди. Бугун бутун дунёда миллий матоларимиз бўлган атлас ва адрасга қизиқиш юқори. Бу ҳар биримизда фахр уйғотади.
Фестивалда миллий либослар кўргазмаси ҳамда унверситет талаба-қизлари томонидан бадиий чиқишлар намойиш этилди. Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари З.Раҳмонова иштирок этди.