Самарқандда муддатли ҳарбий хизматчилар учун тест синовлари ўтказилмоқда

Бугун республика Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга тавсиянома бериш бўйича тест синовлари бошланди.

Тест синовлари Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 31 январда 3215-рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги Низом” асосида ташкил этилади.

Тест синовлари тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳар бир ҳарбий қисмнинг ўзида ўтказилмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган тест саволларининг умумий сони 100 та бўлиб, уларнинг 40 таси – жанговар тайёргарлик, 20 таси – маънавий-маърифий тайёргарлик, 10 таси – математика, 10 таси – физика фани бўйича тест саволларидан, шунингдек, қолган 20 таси мантиқий тест саволларидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсияномага эга бўлган фуқаролар:

- республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра, ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;

- республиканинг олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Тест синовлари вилоятимизда февраль ойи якунига қадар давом этади.

Воҳид Сирлибоев, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи.