Самарқандда одам ДНКси бўйича ҳам экспертизалар ўтказилади

Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази вилоят бўлимининг янги биноси очилди.

Марказ раҳбарияти, вилоят суд-ҳуқуқ тартибот органлари мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этган тадбирда суд экспертизаларининг самарадорлигини ошириш, соҳани юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозлаш орқали одил судловни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Таъкидланишича, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида 2020 йил 28678 та экспертиза, 923760 та объект бўйича тадқиқотлар ўтказилган бўлса, 2021 йилда 33391 та экспертиза, 1 миллион 659,5 мингта объект бўйича тадқиқотлар амалга оширилган.

Хусусан, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси мазкур йўналишда Марказий Осиёда биринчи ташкил этилган лаборатория ҳисобланади. 

Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториясида 22 та экспертиза тури бўйича тадқиқотлар ўтказилади. Лабораторияда ўтказилаётган тадқиқотларнинг аксариятини нефть маҳсулоти, лок-бўёқ қопламалари, бошқа тур объектлар (минерал ўғитлар, кислоталар, заҳарли кимёвий моддалар, табиати ноаниқ бўлган моддалар) ҳамда микротолалар суд экспертиза тадқиқотлари ташкил этади. Бундан ташқари, лабораторияда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар бўйича ҳам экспертиза тадқиқотлари амалга оширилади.

- Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида жорий йилнинг 11 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг марказ фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда экспертлик ишларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди, - дейди Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази раҳбари Акрам Халилов. - Қарорда бошқа вазифалар қатори Самарқандда одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини ташкил қилиш белгиланганди.

Жорий йилнинг 1 июль кунидан Самарқанд шаҳрида одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари фаолияти йўлга қўйилиб, дастлабки экспертиза хулосалари расмийлаштирилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов иштирок этди.

Ёқубжон Марқаев.