Самарқандда оилавий меҳмонхоналар кўпаяди
2019 йил охирига қадар Самарқанд шаҳрида яна 45 та меҳмонхона қурилади. Бундан ташқари, биргина Имом Бухорий мажмуасида 30 га яқин меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган. Аммо сайёҳлар сонининг ошиши давом этмоқда. Ана шундай вазиятда меҳмонхоналарга бўлган талабни қондириш, сайёҳларга ўзига хос хизматлар таклиф этиш мақсадида оилавий меҳмонхоналар майдонга чиқмоқда. Бу биринчидан, жой масаласига ечим топса, иккинчидан, сайёҳлар учун маҳаллий аҳоли урф-одатлари билан танишиш, кундалик яшаш тарзини бевосита кузатиш имконини беради. Чунки оилавий меҳмон уйларининг асосий хусусиятларидан бири – уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий уй-жойдир.
Вилоят ҳокимининг 16 августда қабул қилинган қарорида оилавий меҳмонхоналарни сертификатлашни соддалаштириш кўзда тутилган. Яъни, меҳмон уйи ташкил этиш учун яроқли тураржой биносига эга тадбиркор оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ва унинг ягона реестрига кириш учун ариза бериши керак. Мазкур реестр Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан юритилади. Аризага хусусий тадбиркор ёки оилавий тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ҳамда бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинади. Қўмитанинг вилоят органига ариза ёзганингиздан сўнг уч иш куни давомида кўриб чиқади ҳамда натижалар юзасидан далолатномани расмийлаштиради. Ана шу далолатнома асосида уйлар ягона реестрга киритилади ва иш бошлашингиз мумкин бўлади. Бу хизматлар учун тўлов ундирилмайди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг қароридан келиб чиқиб, оилавий меҳмонхоналар учун энг кам иш ҳақининг 300 баробаригача миқдорда, беш йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратиш тавсия қилинмоқда.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.