Самарқандда Олий спорт маҳорати институти фаолиятини бошламоқда

Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича юқори малакали ҳамда замонавий билим ва технологияларни ўзлаштирган тренер, ҳакам селекционер ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш мақсадида 2022 йил 6 июнь куни “Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори имзоланган эди.

Қарорга мувофиқ, Самарқанд шаҳрида Олий спорт маҳорати институти ташкил этилди. Бу йил мазкур даргоҳга дастлабки талабалар қабул қилинади. МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигида Институт фаолиятини йўлга қўйиш, унга терма жамоалардаги иқтидорли спортчиларни жалб этиш каби масалаларга бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди.

Айтилишича, ушбу институтга олий спортда катта муваффақиятга эришган, хусусан, турли ёш тоифаларидаги Осиё ҳамда жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган, шунингдек, катталар ўртасидаги мамлакат биринчилигида ғалаба қозонган спортчилар имтиёзли қабул қилинади.

Ўқиш давомийлиги 3 йилни ташкил этади. Унда бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо WT, сузиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, гандбол, баскетбол ва паралимпия спорт турлари бўйича малакали кадрлар тайёрланади.