Самарқандда Осиё-Тинч океани минтақасида савдони соддалаштиришга бағишланган халқаро форум ўтказилмоқда

Мазкур 11-форумда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 250 дан кўпроқ хорижий меҳмон, жумладан, 10 дан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирда савдо, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, шунингдек, электрон маълумотлар алмашинуви орқали савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва бизнеснинг янги механизмларини ишлаб чиқишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Бу борада чегара ҳудудларида замонавий савдо ва логистика марказлари, соддалаштирилган божхона йўлаклари ва махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш энг самарали чора-тадбирлар ҳисобланади. Бунда барча мамлакатлар учун замонавий технологиялардан тенг фойдаланишга имкон яратиш, савдо ва юк ташиш соҳасидаги тартиботларни соддалаштириш бўйича энг самарали чора-тадбирларни қўллаш, товарлар ҳаракатини тартибга солувчи жараёнларни рақамлаштириш муҳимдир.

Бу борада Божхона қўмитаси Ўзбекистоннинг бошқа вазирлик ва идоралари қатори савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, хусусан, рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Форумда сўзга чиққан Божхона қўмитаси ходими Ш.Мўмино, Ўзбекистон Республикасида савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида божхона операцияларининг 90 фоизидан ортиғи рақамлаштирилганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларида инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилаётган масофавий электрон декларациялаш божхона постлари ташкил этилгани алоҳида эътироф этилди.