Самарқандда ўтган ногиронлиги бор шахслар яратган маҳсулотлар ярмаркасида  388 миллион сўмлик маҳсулотлар сотилди

Ногиронлиги бор кишилар ясаган маҳсулот ёки буюмларда гўзаллик ва қулайликдан ташқари меҳр борлигини ҳам сезасиз. Шу сабабли улар ясаган маҳсулотларни ҳавас билан сотиб оласиз.

Ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган кишилар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг V республика савдо ярмаркасига ташриф буюрганлар бу гал ҳам ана шундай таассурот билан қайтдилар. Дарвоқе, Самарқанддаги Регистон майдонида уюштирилган бу тадбир нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик меҳмонларда ҳам қизиқиш уйғотди.

Адлия вазирлиги томонидан Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда  «Биз биргамиз!» ижтимоий лойиҳаси асосида ташкил этилган ярмаркада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 70 нафардан ортиқ имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахслар ўз ҳунарманчилик маҳсулотлари билан иштирок этди. 

– Ушбу ярмаркадан мақсад ногиронлиги бор ватандошларимиз томонидан тайёрланган маҳсулотларни сотишда кўмаклашиш, уларни касб-ҳунар эгаллашга рағбатлантиришдан иборат, - дейди Адлия вазирлиги мутахассиси Авазбек Мадаминов. - 2018-йилдан буён амалга ошириб келинаётган бу ижтимоий лойиҳа жорий йил биринчи марта Самарқандда ўтказилди. Аввалги ярмаркалардан фарқли равишда бугун каштачилик, қандолатчилик, дурадгорлик ва халқ ҳунармандчилигининг бошқа кўплаб турларидаги маҳсулотларни кўришимиз мумкин. Ушбу лойиҳани ривожлантирган ҳолда келгусида  ҳар бир вилоят марказида биттадан ногиронлиги бор шахслар яратган маҳсулотлар дўконини ташкил қилишни режалаштирганмиз. Шунингдек, ушбу маҳсулотларнинг онлайн савдоси йўлга қўйилади. Бу улар томонидан тайёрланган маҳсулотларни кўпроқ сотиш имконини беради.

Бухоролик Дилрабо Намозова қўли гул зардўз. У ярмаркага 20 дан ортиқ қўл меҳнати бўлган зардўзлик маҳсулотларини олиб келган.   

Шифокор эдим, йигирма йил аввал бахтсиз тасодиф туфайли I гуруҳ ногирони бўлиб қолдим, - дейди Дилрабо опа. - Бу ҳам Яратганнинг синови. Ногиронлик аравачасида ўтириб бўлса-да, зардўзлик ҳунарини ўргандим. Бухоро шаҳрида “Дилрабо чеварлари” ўқув курсини ташкил қилдим. Чеварлик курсида имконияти чекланган шахсларга бепул, соғлом кишиларга пуллик хизмат асосида ҳунар ўргатаман. Бугун ярмаркага олиб келган маҳсулотларим ўз харидорини топганидан хурсанд бўлдим. Бу каби ярмаркалар бизга машаққатли меҳнат самарасини кўрсатади, энг муҳими, ҳаётимизга илиқлик олиб киради.

Икки кун давом этган ярмаркада ҳунармандлар 388 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги маҳсулотларини сотишга эришди. Тадбир якунида ҳар бир иштирокчига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

С.МАРДИЕВ,

Б.МУСТАНОВ (сурат).