Самарқандда “Ўзбекистон-Осиё – 2023” VI Осиё талабалар форуми бошланди
Тўрт кун давом этадиган халқаро форум Самарқанд давлат университети ва Олтой давлат университети ҳамкорлигида ўтмоқда.
Самарқанд давлат университети ректори, фан арбоби, сенатор, Осиё университетлари ассоциацияси президенти Рустам Холмуродов ёшлар ҳаётда, жамиятда муҳим ўрин тутишини, айниқса, илм олаётган талабалар келажак яратувчилари эканини таъкидлади. Ёшлар жамоат бирлашмалари ва ташкилотларини ривожлантиришда ёш лидерларнинг роли ортиб бормоқда.
Форумда талабалар ҳамкорлигини кенгайтириш ва ривожлантиришга ёрдам беради. Таълим, илмий, маданий, касбий фаолиятнинг турли соҳаларида талабалар ва Осиё мамлакатлари ижодкор фаол ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзига хос мулоқот майдонига айланади.
Анъанага мувофиқ форум координатори Олтой давлат университети форумни қабул қилувчи Самарқанд давлат университетига анжуманнинг фаолиятини баҳолаш учун рейтинг дафтарчасини топширди.
Тадбирнинг очилишида талабалар ўзларининг миллий куй-қўшиқларини ҳам намойиш қилди.
Анжуман чегарасиз билим олиш имкониятлари, илмий ва инновацион инқилоб орқали келажак сари, тарихсиз келажакни қуриб бўлмайди, талабаларнинг ижтимоий иттифоқлари ва лойиҳалаштириш, ахборот дунёни ўзгартиради, талабалар оммавий ахборот хизмати каби шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирмода.
- Жанубий Қозоғистон давлат университетидан келдик, - дейди Камила Ессингелдинова. - Илк бор халқаро форумда иштирок этмоқдаман. Барча талабаларнинг кайфияти аъло даражада. Форумда бир қатор дўстлар орттирдик. Менежмент соҳасида ўқишим боис илмий ва инновацион инқилоб орқали келажак сари номли шўъбада иштирок этдим. Яхши маърузаларни эшитдим ва бу фойдали бўлди. Ушбу маълумотларни чуқурроқ ўрганиб, илмий иш қилишни ният қилдим.
- Форум доирасида қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрини кўришга муяссар бўлдик, - дейди Ўш давлат университети талабаси Зилола Раҳимова. – Осиё талабаларини бирлаштирган форумда халқларнинг миллий урф-одати, маданиятини кўрдик, ўзаро фикр алмашдик. Келажакда ҳамкорликда бир қатор илмий ва халқаро лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик.
- Халқаро форум Ўзбекистонда илк бор бизнинг университетимизда ўтказилиши менга ифтихор бағишлади, - дейди СамДУ Муҳандислик физикаси институти талабаси Нафиса Раҳмонова. – Форум доирасида физика соҳасига қизиқадиган ва илмий иш олиб бораётган хорижлик талабалар билан танишдим. Бир-биримиз билан ҳамкорлик қилишни режалаштирдик.
Халқаро форум давом этмоқда.
Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.