Самарқандда “Озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ҳафталиги” ўтказилди
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Самарқанд шаҳридаги “Korzinka” супермаркети ҳамкорлигида ана шундай тадбир бўлиб ўтди.
Унда агентлик вакиллари, агентликнинг вилоятдаги ташкилотлари мутахассислари ва журналистлар иштирок этди.
Тадбирда истеъмолчиларга маҳсулотнинг стандарт талабларига мослиги, сақланиши ҳамда қадоқланишдаги меъёрлари юзасидан маълумот берилди.
- Aмалдаги стандарт талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар нафақат истеъмолчилар учун, балки бизнес учун ҳам жиддий хавф туғдиради, - дейди Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази вилоят филиали мутахассиси Сирожиддин Одилов. - Яъни, истеъмолчилар, айниқса болалар турли касалликлар ёки шикастланишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, бизнесда эса, ўз навбатида, тадбиркорлар жаримага тортилади ёки унинг бизнесига путур етади. Мазкур товарларни қатъий лаборатория синовларидан ўтказилиши ушбу хавфларни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ҳафталик доирасида мутахассислар томонидан сифатли ва хавфсиз овқатланиш тамойиллари, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига зарари, болалар ва ўсмирлар томонидан кучли газланган, рангли, ширин ҳамда энергетик ичимликларнинг истеъмолини тартибга солиш бўйича тавсиялар берилди.