Самарқандда “Президент арчаси” байрами бошланди

Самарқанд шаҳрида Янги йил байрами муносабати билан анъанавий “Президент арчаси” тадбирлари ўтказилмоқда.

Аввало, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманидан 236 нафар бола вилоят мусиқали драма театрида Қорбобо, Қорқиз ҳамда турли эртак қаҳрамонлари томонидан илиқ кутиб олди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, жорий йилда вилоят бўйича “Президент арчаси” байрам тадбирида иштирок этиш учун жами 1006 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар рўйхати шакллантирилди. Уларнинг 748 нафари маҳаллаларда истиқомат қилувчи етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, 63 нафари Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, 60 нафари ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган оилаларнинг болалари, 59 нафари SOS болалар уйи тарбияланувчилари, 36 нафари “Меҳрли мактаб” ўқувчилари, 18 нафари кичик ҳажмли болалар уйи ва 22 нафари вилоят болалар уйи тарбияланувчиларидан иборат.

“Меҳрли мактаб”, SOS болалар уйи ва вилоят болалар уйи учун 3 та телевизор етказиб берилди. Бундан ташқари, “Меҳрли мактаб” болалари учун 6 та стол ўйини жамланмаси тақдим этилди.

Шунингдек, “Мўъжиза” ресторанида байрам дастурхони ташкил этилди. 

Тадбирда вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этиб, болажонларни байрам билан қутлади.

Вилоят ҳокими ва бошқа масъуллар иштирокида болажонларга “Президент совғаси” тақдим этилди. 

Ушбу тадбирлар болаларга Янги йил қувончи, илиқ кайфият ва унутилмас таассуротлар қолдирди.