Самарқандда прокурорлар терговчиларнинг 447 та ноқонуний қарорини бекор қилди

Бу – халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 21 август куни ўтказилган ўн иккинчи сессиясида вилоят прокурори Ф.Зуфаровнинг ахборотида қайд этилди.

Маълумотларга кўра, йилнинг биринчи ярмида Самарқанд вилояти прокуратура органлари томонидан 408 та жиноят ишлари юзасидан тергов ўтказилган. Келиб тушган 1326 та жиноят ҳақидаги ариза ва хабарлар асосида 150 та жиноят ишлари қўзғатилган, 1206 таси бўйича терговга қадар текширувлар ўтказилди.

Вилоятда ўтган даврда 1808 та жиноят ҳисобга олиниб, ўтган йилга нисбатан 484 та (36,6 фоиз)га ошган. Хусусан, Пахтачида 27 та, Булунғур ва Нарпайда 24 тадан, Иштихонда 20 та ҳамда Оқдарёда 18 та маҳаллада жиноятлар ошиб, криминоген вазият ёмонлашган.

Шу даврда барча мутасадди органлар томонидан 1583 та жиноят ишлари юзасидан тергов харакатлари ўтказилиб, прокурорлар томонидан терговчиларнинг 447 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди, зарур процессуал ҳаракатларни ўтказиш ҳақида 1013 та ёзма кўрсатмалар берилди, етказилган 41 млрд. сўмлик моддий зарар ундирилиб, вилоят бюджети ва тадбиркорлик субъектларига қайтарилди.

Шунингдек, жиноят ишларининг тергови жараёнида адолат мезонига алоҳида эътибор қаратилиб, 115 та жиноят ишлари дастлабки тергов босқичида реаблитация асосларига кўра тугатилди.

Вилоятдаги жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларда қайд этилган даврда кўрилган 27846 та ишларнинг 5 мингтасида, яъни прокурор иштироки лозим бўлганларнинг барчасида прокурор ваколати таъминланди, 3510 та ишнинг қонунийлиги ўрганилиб, турли инстанцияларда прокурорлар протести билан судларнинг 131 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди ёки ўзгартирилди.

Ғолиб Ҳасанов.