Самарқандда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни нишонланди

Байрам тадбирида вилоятимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори ҳосилдорликка эришган фермер-деҳқонлар, томорқачилар, сувчи-ирригатор, механизаторлар, олим ва агрономлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. Байрам тадбирида вилоятда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини жорий йилдаги қийинчиликларга қарамасдан, эришган муваффақиятлари, соҳадаги ютуқлари билан табриклаб, бу йилги натижаларга тўхталди.

- Вилоятимизда ҳозирги кунда жами 44 та кластер, жумладан 10 та пахта-тўқимачилик, 15 та ғаллачилик, 13 та мева-сабзавотчилик, 5 та картошкачилик ва 1 та доривор ўсимликларни етиштирувчи кластерлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 151,9 минг гектар ер майдони бириктириб берилган, - деди Э.Турдимов. – Жорий йилда "Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 96 та маҳалла сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштирилди. Пилладан йилига тўрт марта ҳосил олиш эвазига 12 миллион АҚШ долларига тенг ипак ва ипак маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда 12,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди.

2020 йилда 104,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги 133,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари Россия, Хитой, Туркия, Украина, АҚШ, Польша, Германия ва Канада каби 53 та давлатга экспорт қилинди. Лойиҳа қиймати 206,7 миллиард сўмлик умумий қуввати 20 минг тоннага эга бўлган 7 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш корхоналари барпо этилиб, 205 та қўшимча иш ўринлари яратилди.

Шундан сўнг вилоят ҳокимининг фармойишига асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллик фидокорона меҳнати, халқнинг ризқ-рўзи, юртимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, аграр соҳада илғор технологияларни амалиётга жорий қилиш борасидаги улкан хизматлари туфайли бир гуруҳ ходимларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари топширилди. 

Бир гуруҳ соҳа фидойилари Қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғига асосан “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси”, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан “Сув хўжалиги аълочиси”, Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгашининг “Илғор фермер” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Байрам тадбирида вилоятимиз ва пойтахтдан келган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага хуш кайфият бахш этди. 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.