Самарқандда Қозоғистон капитали иштирокида 18 та корхона ишлаяпти

Қозоғистон - Ўзбекистоннинг энг яқин иқтисодий ҳамкорларидан бири. Самарқандлик ишбилармонлар қўшни давлат тадбиркорлари билан бирга бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасининг Zarnews'га хабар беришича, айни пайтда Самарқандда Қозоғистон компаниялари капитали иштирокида 14 та қўшма корхона, 4 та хорижий корхона фаолият юритмоқда.

Жумладан, Қўшработ туманидаги “OSPAN - KAR INVEST” хорижий корхонасида пойабзал ишлаб чиқарилмоқда. Паст Дарғом туманидаги “PET OIL” корхонасида эса нефть маҳсулотлари тайёрланмоқда. Оқдарё туманида қозоғистонлик ҳамкорлар кўмагида ташкил этилган “MEGANUT FOOD DRIED FRUITS IMPORT-EXSPORT TRADING LTD” масъулияти чекланган жамияти мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланмоқда.

2019-2020 йилларда вилоятда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Қозоғистондан 786,6 минг доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида Булунғур туманида “FOZIL MING CHINOR TOMORQA XIZMATI” масъулияти чекланган жамияти томонидан чорвачиликни ташкил этиш лойиҳаси учун Қозоғистон давлатидан 13,6 минг долларлик инвестиция киритилди.