Самарқандда қуриладиган ер ости ва ер усти йўл ўтказгичлари, пиёдаларнинг ер усти ўтиш жойлари ҳақида маълумот берилди
Вилоят Кенгашининг бугунги сессиясида вилоят ИИБ Йўли ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ш.Бойхўрозов давлат раҳбарининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан депутатларга ҳисобот берди.
Унга кўра, Бош вазир А.Арипов томонидан 2022 йил 31 мартда тасдиқланган “Йўл харитаси”да 2022 йилнинг декабрь ойига қадар:
- М-39 автомобиль йўлининг Булунғур тумани марказидан ўтувчи 1059-километрида, Жомбой туманидан ўтувчи 1071-километрида, М-37 автомобиль йўлининг Самарқанд тумани ҳудудидан ўтувчи 4-километри ҳамда Нарпай тумани ҳудудидан ўтувчи 105-километрида пиёдаларнинг ер усти ўтиш жойларини қуриш кўзда тутилган.
Шунингдек, М-39 автомобиль йўлининг Булунғур тумани марказидан ўтувчи 1058-километридаги ва Жомбой туманидан ўтувчи 1074-километридаги автомобиль қайрилиб олиш жойларида ер ости ёки ер устида қуриш орқали (йўл ўтказгич) ҳаракатни ташкил этиш кўзда тутилган.
Худди шундай йўл ўтказгичлар М-37 автомобиль йўлининг Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи 7-километрида ва Нарпай тумани ҳудудидан ўтувчи 105-километридаги қайрилиб олиш жойларида ҳам ташкил этиш режалаштирилган.