Самарқандда салкам 5,7 минг нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди

Вилоятда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфида Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази, Самарқанд шаҳар ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази (KOICA), Каттақўрғон шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамда 16 та туман (шаҳар)ларда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолият юритмоқда. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналист ва блогерлар учун бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Вилоят бандлик бош бошқармасининг 2021 йил давомида касбга ўқитиш режаси 6036 та бўлиб, шундан январь-июнь ойларида 5691 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилди, - деди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. – Биринчи ярим йилликда ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан 3913,9 миллион сўм ажратилди. Шундан 3094,3 миллион сўм стипендия харажатларига, 819,6 миллион сўм ўқитиш харажатларига сарфланди.
Дарҳақиқат, касб-ҳунарга ўқитиш марказларида 3 ойдан 6 ойгача ўқиётган фуқароларга стипендия берилади. Дастлаб стипендия миқдори 200 мингдан ортиқ эди, энди эса 560 минг сўмга ошди. Шунинг учун ҳам касб-ҳунар ўрганишни истовчи ишсиз талабгорлар сони ортмоқда.
Шунингдек, матбуот анжуманида республика Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ички касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Ушбу қарорга кўра, Самарқанд вилоятида қўшимча 3 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва 106 та касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади.
Хуршида Эрназарова.