Самарқандда салоҳиятли кадрлар захирасига кимлар, қандай асослар билан киритилган?

Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланган. Салоҳиятли кадрлар захираси ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давомидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 4 август куни “Давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари” тўғрисида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан юқори натижаларга эришган номзодларни махсус билим ва психодиагностик тест синовларидан ўтказиб, улар орасидан 1000 нафарини танлаб, салоҳиятли кадрлар резервига киритиш вазифаси белгиланган эди.
Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида вилоятимизда ҳам тегишли йўналишларда номзодларни саралаш ва танлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, 2022 йилнинг сентябрь-октябрь ойи давомида вилоятдаги 1126 та маҳалладаги 3378 нафар ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари орасидан сектор раҳбарлари ва йўналишлар бўйича туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарларининг хулосалари ҳамда “360” даража сўровнома натижаларига кўра дастлаб 456 нафар номзод саралаб олинди. Саралашнинг кейинги босқичи тест босқичидан 65 фоиз ва ундан юқори натижаларни қайд этган ҳамда олдинги иш жойлари ва меҳнат стажлари ҳисобга олинган ҳолда
192 нафар номзод сараланиб олинди. Сўнгги босқич суҳбат натижаларига кўра, улардан 120 нафари сараланиб, салоҳиятли кадрлар захирасига киритилди. Улардан 90 нафари ҳоким ёрдамчилари, 24 нафари ёшлар етакчилари, 6 нафари хотин-қизлар фаоллари ҳисобланади.
120 нафар номзоддан 16 нафари аёллардир.
Салоҳиятли кадрлар захирасига сараланган номзодларни касбий ва шахсий компетенцияларини ривожлантириш мақсадида ҳар бири ўзининг 6 ойга мўлжалланган шахсий ривожланиш режаларини ишлаб чиқди. Ушбу шахсий режа таълим, амалиёт, илмий-ижодий фаолият, китоб мутолааси каби йўналишлардан иборат бўлиб, шахсий режанинг бажарилиши мунтазам равишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳудудий филиаллари томонидан мониторинг қилиб борилади.
Мисол учун, иш режага мувофиқ жорий йилнинг январь ойида барча захирага олинган 120 нафар салоҳиятли кадрлар давлат фуқаролик хизматчилари учун мўлжалланган 50 соатлик масофавий курсларда ўқитилиб, сертификатларга эга бўлдилар. Бундан ташқари, номзодлар ўз-ўзини ривожлантириш мақсадида онлайн ва анъанавий ўқув курсларида билим ва малакаларини оширмоқдалар, тавсия этилган китобларни мутолаа қилмоқдалар.
Номзодларнинг шахсий ривожланиш режаларига кўра, ҳар бир захира кадр ўзлари белгилаган давлат идораси ва ташкилоти, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида стажировка ўтаб, билим, тажриба ва кўникмаларини ривожлантириш, келгуси фаолиятлари учун фойдали бўлган маълумотларни олиш, бириктирилган амалиёт раҳбарларидан иш ўрганиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Қолаверса, давлат фуқаролик хизматини рақамлаштириш ишлари жадал олиб борилаётганлиги, захира кадрлар бўйича ҳам алоҳида электрон платформа zaxira.argos.uz платформаси ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг февраль ойидан тажриба синов тариқасида амалиётга жорий этилганлиги муҳим янгиликлардан биридир. Ушбу электрон платформада номзодлар тўғрисида тўлиқ маълумот, уларнинг билим тести, психологик тестлар, суҳбат ва KPI (рейтинг) натижалари, келгусида тавсия этиладиган лавозими, шунингдек, шахсий ривожланиш режалари ва уларнинг бажарилиши электрон тарзда киритилиб, мониторинг қилиб борилмоқда.
Хуршид Назаров,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали раҳбари.