Самарқандда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар бугунги кун талабига жавоб берадими?
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бугун ана шу савол билан интернет фойдаланувчиларга мурожаат қилди.
Э.Турдимовнинг фейсбукдаги саҳифасида қайд этилишича, жорий йилнинг I чорагида вилоятга 65 минг хорижий, 402 минг маҳаллий ҳамда 43 та мартабали делегация ташриф буюрганди.
Сайёҳлар учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида I чоракда 106 ўринли 4 та янги меҳмонхона, 123 ўринли 13 та меҳмон уйлари, 2 та соғломлаштириш масканлари, 1 та эко-агротуризм маскани, 1 та ахборот маркази ва 3 та замонавий санитар гигиеник шаҳобча ишга туширилди.
Тадбиркорлар томонидан 12 та автобус, 13 та микроавтобус ва 2 та квадроцикл олиб келинди, 9 та туристик йўналишида йўл кўрсаткичлари ўрнатилди.
Сайёҳлар географиясидан келиб чиқиб, 18 та туроператор ҳамда 46 та гид-экскурсовод фирмаси иш бошлади.
– Бироқ, бизнинг таҳлилларимиз бу борадаги ишлар бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда, – деб ёзади вилоят ҳокими. -Вилоятимизда туризмни янада ривожлантириш борасида фикр, мулоҳаза ва таклифларингизми борми? Унда биз билан ўртоқлашинг.
Эътиборлиси, қисқа вақтда фойдаланувчилар ушбу постга муносабат билдириб, Самарқандда йўлларни тартибга келитириш ва таъмирлаш, таксилар фаолиятини тартибга солиш, меҳмонхоналарни кўпайтириш, шаҳарда тунда сайр қилиш учун имкониятларни кенгайтириш бўйича ва бошқа ўнлаб таклифларни билдирган.