Самарқандда шер топиб олинмаган, балки ушлаб қолинган
Хабарингиз бор, бироз олдин "Самарқанд йўлларида шер боласини топиб олишибди. Шер боласи ҳозирча кимга тегишли эканлиги номаълумлиги айтилмоқда” номли видеолавҳа жойлаштирилган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати маълумот тақдим этди.
Қайд этилишича, бугун видеолавҳада кўрсатилган шер боласи, айтилаётганидек, топиб олингани йўқ, балки ушлаб қолинди.
Гап шундаки, Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда вилоят ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилаётган рейд давомида Қашқадарёдан Андижонга ҳаракатланаётган автомашина текширилганда, унда шер боласи олиб кетилаётгани аниқланган.
Вилоят экология бошқармаси мутахассисларининг шер боласининг қаердан, нима учун олиб кетилаётганлиги ҳақидаги саволларига ҳайдовчи аниқ жавоб бермасдан ҳужжатларни тақдим қилмаган. Сал ўтмай эса “ҳужжатларни олиб келаман” деб шер боласини ташлаб қочиб кетган.
Шундан сўнг олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ҳайдовчи ушланган ва айни пайтда дастлабки суриштирувлар олиб борилмоқда.
Шер боласи эса Самарқанд вилоят экология бошқармасида ўрнатилган тартибда вақтинча сақланаётгани маълум қилинган.