Самарқандда “Сифат ҳафталиги” тадбирлари бошланди

Ўзбекистон “ЎзСтандарт” агентлиги ҳамда унинг вилоят ҳудудий бўлинмалари “Корзинка” савдо тармоғи билан ҳамкорликда бутунжаҳон сифат куни муносабати билан “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулотни ташиш, сақлаш ва уни сифатли тарзда истеъмолчи дастурхонига этказиб бериш занжирини ёритишга қаратилган пресс-тур ташкил қилинди.

Бир гуруҳ журналистлар иштирокида ўтказилган тадбирнинг асосий мақсади, юқори сифатли маҳсулотлар ва хизматларнинг аҳамиятини ошириш, шунингдек, сифатга эришишдаги муаммоларга эътиборни қаратишни фаоллаштиришдан иборат.

- Бутунжаҳон “сифат ҳафталиги” ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида ноябрь ойининг иккинчи пайшанбасида нишонланиб келинади, - дейди “ЎзСтандарт” агентлигининг давлат назорати департаменти вилоят бош мутахассиси Раҳмат Тожибоев. - Шу муносабат билан жойларда сифат ҳафталиги бошланди. Бу каби тадбирлар аҳолига етказиб берилаётган барча турдаги маҳсулотларнинг сифати яхшиланишига ҳамда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради. Сифат — бу нафақат одамлар ва атроф-муҳит учун, балки маҳсулотларнинг хавфсизлиги, истеъмолчиларнинг сўровларини ва талабларини белгилайдиган муҳим мезон ҳисобланади. Жойларда олиб борилган кузатувлар натижасида стандарт талаб ва белгиланган нархларда кузатилган бузилиш ҳолатларида тезкор чора-тадбирлар, албатта, савдонинг ривожланишига тўсқинлик қилинмасдан амалга оширилмоқда. Бунда энг аввало, профилактик тарғиботлар олиб борилишига асосий эътибор қаратиляпти. Юртимизда сифат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун ички ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларимиз ва хизматларнинг рақобатдошлигини таъминлаш, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашдан иборатдир.

Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан «Корзинка» савдо тармоғидаги маҳсулотларнинг сифати ва ҳамёнбоблиги жиҳатларини таҳлил қилинди. Шунингдек, бозор ва ярмаркалар, савдо мажмуаларидаги нархлар билан таққослаб, ўрганиш олиб борилди.

Жасурбек ШУКУРОВ.