Самарқандда "Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остида спорт тадбирлари бўлиб ўтди

Каттақўрғон туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича туманлараро мусобақа ўтказилди.

Булунғур, Пайариқ, Қўшработ, Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон, Нарпай ва Каттақўрғон шаҳрининг ёш гимнастикачи қизлар иштирок этган мусобақада мезбон гимнастикачи Нозима Саидрасулова фаол иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари диплом, медаль ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

***

Каратэ-до

Самарқанд туманида каратэ-до бўйича "Ҳоким кубоги" очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақада республиканинг барча вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан 200 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. 

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят анъанавий каратэ-до федерацияси ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган мусобақа якунида биринчи ўринни мезбонлар эгаллади. Иккинчи ўрин ғолиби Тойлоқ тумани спортчилари бўлди. Қорақалпоғистонликлар учинчи ўрин билан кифояланди.

***

Армрестлинг

Самарқанд шаҳрида армрестлинг бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Унда 2000-2002 йилларда туғилган 100 нафардан ортиқ ёшлар ўзаро баҳс олиб борди. Мусобақада самарқандликларнинг қўли баланд келди. Тошкент шаҳри спортчилари иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, учинчи ўрин навоийликларга насиб этди.

***

У-шу

Самарқанд шаҳрида спортнинг у-шу тури бўйича 8-16 ёшдаги ўғил ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Барча вилоятлардан келган 300 нафарга яқин спортчи орасидан умумжамоа ҳисобидан самарқандликлар биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Бухоро ҳамда Навоий вилоятлари ёш спортчилари эгаллади.

***

Спорт акробатикаси

Самарқанд шаҳридаги гимнастика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида спорт акробатикаси бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Мусобақада барча вилоятлардан 100 нафарга яқин ўғил болалар ва қизлар иштирок этди. Муросасиз кечган баҳс якунида вилоятимиз гимнастикачилари биринчи ўринга сазовор бўлди. Тошкент шаҳридан келган спортчилар иккинчи бўлишди. Учинчи ўрин фарғоналикларга насиб этди.

Аҳрор Шамсиев.

***

Спорт гимнастикаси

Самарқанд шаҳридаги Сартепа спорт мажмуасида спорт гимнастикаси бўйича 2005-2014 йилларда туғилган болалар-ўсмирлар ўртасида Самарқанд шаҳар очиқ биринчилиги ўтказилди.

Мусобақада мезбон спортчилардан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган, Навоий, Қашқадарё вилоятларидан келган жами 140 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳсга киришди.

Мусобақа натижасига кўра, вилоятимиз вакиллари ўз маҳоратларини кўрсатиб биринчиликни эгаллади.

***

Волейбол

“Волейбол ойлиги” доирасида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги мусобақанинг финал босқичи бўлиб ўтди.

Унда туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жамоа ўзаро беллашди. Қизиқарли кечган мусобақа якунида Булунғур тумани жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни СамДУ жамоаси, учинчи ўринни Ургут тумани жамоаси эгаллади.

***

Болалар футболи

Жорий йилнинг февраль ойида Самарқанд вилояти футбол маҳорат мактаби (футбол академияси) 2020/2021 ўқув йилида бўш қолган ўринларга ҳамда жорий назорат имтиҳонлари ўтмаган ўқувчилар ўринларини тўлдириш мақсадида ўқувчиларни қабул қилиш бўйича касбий (ижодий) имтиҳонларни биринчи босқичи бўлиб ўтди.

Унда тарбияланувчилар ва номзодлар футбол бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Улар орасидан 19 нафар энг маҳоратлилари танлаб олинди.

Ҳусан Элтоев.