Самарқандда статистика йўналишида қандай ўзгаришлар қилинган?
Ўтган йилда мамлакатимиз Open Data Inventory (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 195 та мамлакат орасида 70 балл билан 30-ўринга кўтарилди ҳамда Марказий Осиёда 1-ўринни сақлаб қолди.
Хўш, Open Data Inventory (ODIN)нинг ўзи нима? Бу - расмий статистика камчиликларини аниқлаш, очиқ маълумотлар сиёсатини илгари суриш, миллий статистика органлари билан маълумотлардан фойдаланувчилар ўртасида мулоқотни яхшилаш ва очиқликни баҳолайдиган халқаро тизим.
Вилоят статистика бошқармасига уюштирилган пресс-турда журналистларга ушбу тизимдаги янгиликлар, муҳим жараёнлар, ахборотни тўплаш, сақлаш, статистика борасида мамлакатнинг халқаро майдонларда эришган натижалари тўғрисида маълумот берилди.
- Соҳадаги ютуқлардан бири 2023 йил 5 декабрда Лондондаги Очиқ маълумотлар Институти (ODI) баҳолаш тизими бўйича Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали data.egov.uz “Gold level” олтин даражадаги сертификатига эга бўлганидир, - дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Музроб Салимов. - Ушбу сертификатни дунёдаги 155 мингдан ортиқ сайт ва порталлар қўлга киритган, бироқ жаҳондаги 3 та сайт энг юқори бўлган “Platinum level” даражадаги сертификатга эга бўлган. Улардан бири Статистика агентлигининг расмий сайти stat.uz. бўлди.
Шунингдек, 2023 йилдан Ўзбекистонда “МҲТ – 2008” халқаро стандарти талаблари асосида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳисоб-китобларини давлат молия статистикаси ва тўлов баланси маълумотларига мувофиқ равишда амалга ошириш ва Статистика агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш йўлга қўйилди. ЯИМни дискрет чораклар асосида ҳисоблаш тажрибасини жорий этиш орқали чораклик миллий ҳисоблар такомиллаштирилди.
Бошқарма маълумотларига кўра, Open Data Watch ташкилотининг “Gender Data Compass” рейтингида 2023 йил якунига кўра, Ўзбекистон 37 балл тўплаган ҳолда 185 мамлакат орасидан 56-ўринни, Марказий Осиё минтақасида 3-ўринни эгаллаган.
Ўктам Худойбердиев.