Самарқандда тест китобининг саҳифасини йиртиб олиб чиққан абитуриент тест синовларидан четлаштирилди

Ижтимоий тармоқларда тест китобидаги саволлар акс этган суратлар тарқалган эди.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, кимё фанидан тест топшириқлари акс этган 7101863 рақамли тест топшириқлари китоби шу йилги тест синовларига тааллуқли бўлган.

Яъни жорий йилнинг 1 август куни Самарқанд вилоятида тест топширган абитуриент тест топшириқлари китобининг варағини йиртиб, олиб чиқиб кетган. Бу ҳолат видеокузатув орқали аниқланган.

Натижада Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 52-бандига мувофиқ, мазкур абитуриент тест синовидан четлаштирилган.