Самарқандда “Тинчлик дарахти” монументи ўрнатилди
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Тинчлик дарахти” монументининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, ЮНEСКО Бош директори ўринбосари Стефания Жаннини иштирок этди ва шу пайтгача дунёнинг 17 шаҳрида ўрнатилган “Тинчлик дарахти” дунёдаги турли дин ва миллатларнинг бирлашуви, ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик рамзи ҳисобланишини таъкидлади.
– Рамзий маънога эга ушбу монументни яратишни ЮНEСКО билан ҳамкорликда амалга оширганмиз ва 2008 йилда илк “дарахт”ни Исроилда ўрнатгандик, - дейди ЮНEСКОнинг маданий дипломатия бўйича махсус элчиси, монумент муаллифи Хедва Сер хоним. – Бронзадан ясалган, 750 килограммлик ўн саккизинчи монумент бугун дунёга машҳур тарихий Самарқанд шаҳрига қўйилди. Монументни ўрнатиш жараёнларида бир жиҳат эътиборимни торди. Одатда, бошқа жойларда “Тинчлик дарахти”ни яратиш учун уч ойгача вақт сарфлаганмиз. Самарқандда эса тўрт ҳафта кифоя қилди.
Меҳмонлар “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.